Таълим масалалари бўйича эксперт Баҳодир Ғаниев YouTube’даги «Фикрат» лойиҳасига берган интервюсида Ўзбекистондаги таълим тизимидаги асосий муаммолар ҳақида фикр билдирди. Унга кўра: — «Болани мактабга 7 ёшдан қабул қилиш биологик ва диний нуқтаи назардан кеч ҳисобланади. Аждодларимиз кўпинча 5–6 ёшдан ўқиш, ёзишни билишган ва ҳатто Қуръонни ёд олган».
Ғаниевнинг айтишича, болани эртароқ ўқитиш деганда уни кун бўйи партанинг олдида ўтқазиш назарда тутилмайди. 2–3 ёшданоқ унга эртак ўқиб бериш, мулоқот кўникмасини шакллантириш муҳим. Миянинг энг фаол маълумот қабул қиладиган даври 7 ёшгача бўлиб, шу пайтда яхши ривожланмаган бола кейинги ўқиш жараёнида 50 фоизгача имкониятини йўқотиши мумкин.
«Ота-оналар мактаб танлаганда, реклама ёки ташқи кўринишга эмас, ўқитувчи сифатлари ва мактабнинг болани комил инсон қилиб тарбиялаш дастурларига эътибор қаратишлари лозим. Мактаб фақат тил ўргатиш маркази бўлмаслиги, балки мустақил фикрлайдиган, тўғрисўз ва кенг дунёқарашли инсон шакллантириши зарур».
Шунингдек, у мактабнинг уйга яқинлиги, ўқитувчининг талабчан ва билимдонлиги, таълим жараёнида ижобий муҳит яратилиши муҳимлигини қайд этди. Таълимга сарфланадиган маблағларни тўйдан қолган маблағлар ҳисобига эмас, балки устувор равишда ажратиш зарурлигини таъкидлади.