Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментга янги раҳбар тайинланди

02.08.2025 11:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Аввалги раҳбар Шамсиддин Соҳибназаров ишдан олинди. Энди департаментга икки йилдан буён бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жаҳонгир Ҳотамов раҳбарлик қилади. У турли вилоятларда прокурорлик тажрибасига эга.

Jahongir hotamov

Ўзбекистон президентининг фармонига мувофиқ, Жаҳонгир Жўраевич Ҳотамов бош прокурор ўринбосари – Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Ҳотамов бош прокурорнинг ўринбосари сифатида фаолият юритган. У 2016–2017 йилларда Жиззах вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, 2017–2018 йилларда эса Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган. Кейинчалик у 2018–2020 йилларда Хоразм вилояти, 2020–2022 йилларда Наманган вилояти ва 2022–2023 йилларда Самарқанд вилояти прокурори бўлган.

Жаҳонгир Ҳотамов сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари сифатида ишлаб келаётганди. Энди у мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлиги учун масъул бўлган асосий идоралардан бирига раҳбарлик қилади.

Департаментга 2023 йилдан бери раҳбарлик қилиб келган Шамсиддин Соҳибназаров ишдан кетди. У 2024 йил бошида бир вақтнинг ўзида ҳам департамент бошлиғи, ҳам бош прокурор ўринбосари лавозимига кўтарилганди. Аммо апрелда ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалган, лекин расман тасдиқланмаганди.

Шу билан бирга, 1 август куни бошқа кадр ўзгаришлари ҳам амалга ошди. Хусусан, Иноят Шукуров ўз хоҳишига кўра департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан бўшатилди. Тошкент шаҳар бошқармаси раҳбари Муҳаммаджон Рўзматов ҳам ишдан олингани маълум қилинди.