Нега Марказий Осиё давлатларида Шенген визага талаб ортган?

08:15 | 8 дақиқада ўқилади.

2024 йилда ҳужжат топширган 15,7 фоиз ўзбекистонликларга хорижий давлатларга кириш учун виза берилмади. Бу борада аввалги йилга нисбатан 21 фоизлик ўсиш кузатилган.

Shengen visa

Сўнгги ўн йилликда Марказий Осиё давлатларида Европага бўлган қизиқиш кескин ошди. Саёҳат, таълим, хизмат сафарлари ва миграция оқимларининг кучайиши фонида Шенген визаси учун топширилган аризалар сони ҳам ортиб бормоқда. Аммо рақамлар фақат ўзгаришни эмас, балки мавжуд муаммолар ва имкониятларни ҳам кўрсатади.

Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан 2014 йилдан 2024 йилгача бўлган оралиқда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари томонидан топширилган Шенген визаси аризалари, уларнинг натижалари, сарфланган маблағлар тенденциялар таҳлил қилинди.

 

Аризалар ҳажми: ўсиш ва пасайишлар

Visa 01
Инфографика: Vaqt.uz

2014–2019 йилларда, яъни пандемиядан аввалги даврда, барча уч давлат фуқаролари визалар учун фаол ариза топширган. Пандемия йилларида эса ариза сони кескин камайган (Ўзбекистон: -5,42 фоиз, Қозоғистон: -20,29 фоиз, Қирғизистон: -4,92 фоиз) аммо 2024 йилда яна кескин юқорилаш кузатилган. Охирги ўн йилликда Ўзбекистондан 325 мингга яқин виза аризаси топширган бўлса, Қозоғистоннинг бу борадаги кўрсаткичи 1,3 миллиондан ортиқ. Қирғизистон эса анча кам – 161 минг атрофида ариза топширган. Бу фарқлар фақат демографик омиллар билан эмас, балки иқтисодий имкониятлар, ташқи сиёсат ва диаспораларнинг фаолияти билан ҳам боғлиқ.

Visa 02
Инфографика: Vaqt.uz

Шенген визаси бўйича энг муҳим индикаторлардан бири бу — рад этиш даражаси. Бу кўрсаткич нафақат консулликларнинг қарорига, балки ариза топшириш сифати, талаб этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва иммиграцион хавф таҳлилига боғлиқ. Ўзбекистон фуқаролари учун 2024 йил рад этиш даражаси 15,7 фоиз бўлди. Бу аввалги йилга нисбатан 21 фоиз ўсиш деганидир. Энг кўп рад жавоб берган давлат — Полша (69,16 фоиз). Қозоғистонда бу кўрсаткич анча паст — 8,99 фоиз, энг виза сўровини рад этган давлат эса Хорватия (81,57 фоиз). Қирғизистонликлар учун эса 2024 йилда рад этиш даражаси 14,27 фоиз бўлиб, Швейтсария энг кўп рад қилган (72,24 фоиз). Бу шуни кўрсатадики, топширилган аризаларнинг сифати ёки ишончлилиги дипломатик доираларда кўпроқ савол уйғотмоқда.


Ўзбекистонлик мигрантлар учун энг қулай мамлакат қайси?

Энг қулай давлат Ўзбекистон ва Қозоғистон учун Болгария бўлиб, ушбу мамлакатдан Ўзбекистонликларга 133,4 фоиз, Қозоғистонликларга эса 122,19 фоиз миқдорида виза берилган. Қирғизистон фуқаролари учун эса Германия энг ишончли вариант бўлиб, 91,45 фоиз виза тасдиқланган.

Шенген визаси аризаси учун 2024 йил июнгача тўлов 80 евро бўлган.Бироқ, бу маблағдан ташқари аризачилар хизмат ҳақлари, ҳужжатларни таржима қилиш, нотариал тасдиқлаш ва сафарга тайёргарлик харажатларини ҳам мавжуд. Ўзбекистон фуқаролари 2024 йил давомида Шенген визаси учун жами 4,4 миллион евро сарфлаган бўлиб, шундан 687 минг еврога тенг маблағ рад этилган аризалар сабабли «йўқотилган» ҳисобланади. Қозоғистон фуқаролари визаларга 12,7 миллион евро сарфлаб, 1,13 миллион еврони самарасиз йўқотган. Қирғизистонликлар эса 2,2 миллион евро сарфлаган бўлиб, 420 минг евро рад жавоблар туфайли бефойда йўқотилган. Бу маблағлар Европа Иттифоқи консуллик тизими учун муҳим даромад манбаи саналади.

Шенген визаси бўйича статистикалар Марказий Осиё мамлакатларининг Европа билан ўзаро алоқалари, ташқи сиёсати, аҳолининг миграция режаси ва иқтисодий имкониятлари ҳақида муҳим маълумотлар беради. Қозоғистон энг барқарор ва ишончли статистикага эга давлат. Кам рад этиш, кўп ариза топшириш ва йирик молиявий салоҳият уни Европанинг муҳим ҳамкорига айлантиради. Ўзбекистон эса сўнгги йилларда фаол бўлаётган бўлса-да, рад этиш даражаси юқори. Аризалар сифати, ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва маслаҳат марказлари мавжудлигига эътибор қаратиш зарур. Қирғизистонда эса ариза ҳажми паст, лекин фоиз кўрсаткичлари ўрта даражада. Аризачилар учун профессионал ёрдам тизимларини йўлга қўйиш муҳим.

Европа давлатлари билан визага оид институционал мулоқотларни кучайтириш орқали давлатлараро шаффофликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ариза топшириш жараёнида аҳолига аниқ йўл-йўриқ кўрсатадиган ахборот марказлари ва ҳуқуқий ёрдам платформаларини давлат ва нодавлат сектор ҳамкорлигида жорий этиш зарур. Визалар статистикаси очиқ ва онлайн шаклда тақдим этилиши эса фуқароларга асосли қарор қабул қилишда амалий кўмак беради.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.