Поликлиникаларда айрим хизматлар пулли бўладими?

21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Сенат Оилавий поликлиникаларда айрим тиббий хизматларни пулли асосда кўрсатишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокамадан сўнг қайта кўриб чиқиш учун қайтарди. Қонун аҳолига кафолатланган тиббий ёрдамдан ташқари хизматларни тартибга солиш ва тиббиёт ҳамда фармацевтика ходимларининг фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган.

Poliknika

Қонунга кўра, олий ёки ўрта махсус тиббий маълумотга эга ва давлат рўйхатидан ўтган шахсларгина тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиши мумкин. Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария муассасаларида кафолатланган ёрдамдан ортиқча хизматлар пулли бўлиши белгиланган.

Сенаторлар муҳокама пайтида тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини аниқ белгилаш, унинг мақсад ва асосларини, рўйхатдан чиқариш шартларини ва аҳолига очиқ бўлишини қонун даражасида киритиш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, маъмурий тартиб-таомиллар йўқлиги коррупцияга олиб келиши мумкинлиги қайд этилди.

Шу асосда, Сенат ушбу қонунни тўлиқ ва пухта қайта ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда кафолатланган ёрдам рўйхатига оилавий поликлиникаларда 28 тур диагностика, 22 тур лаборатор таҳлил, 138 хил дори воситалари, 57 тур тиббий буюмлар ва кенг тарқалган 110 та ташхис, шунингдек, марказий шифохоналарда 27 тур операция ва 257 та ташхис давлат ҳисобидан бепул киритилган.