Шавкат Мирзиёев Тошкент яқинида Ўзбекистон-Венгрия махсус саноат зонасини ташкил этишни маъқуллади

11:15 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида инвесторлар учун алоҳида шарт-шароитларга эга «Ўзбекистон — Венгрия» махсус саноат зонаси ташкил этилади.

Hungrary uzb

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон Президенти имзолаган қарор 10 йилгача бўлган муддатга солиқ имтиёзларини, кафолатланган инфратузилма таъминотини ҳамда инвесторларни жойлаштириш масаласида бошқарувчи компанияга мустақиллик беришни назарда тутади.

Маълум бўлишича, лойиҳа бўйича асосий ҳамкор – Венгриянинг «Inpark» компанияси ҳисобланади. Томонлар ўртасида инвестиция шартномаси имзоланган. Лойиҳанинг амалга оширилишини назорат қилиш учун бош вазир раислигида маъмурий кенгаш тузилган. У ҳудуднинг муҳандислик, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини қуриш лойиҳаларини ўз вақтида амалга оширишни таъминлаши белгиланган.

Лойиҳа доирасида фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳаларидаги қўшма корхоналар ташкил этилиши ҳамда янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

«Ўзбекистон–Венгрия махсус саноат зонаси Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг флагмани бўлиши, шунингдек, Ўзбекистоннинг очиқ инвестиция сиёсати ва барқарор бизнес муҳити яратишга тайёрлигини намоён этиши кутилмоқда», дея таъкидлаган вазирлик.