Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 31 июлдаги 480-сон қарори билан «Темир йўл транспорти инфратузилмаси хавфсизлиги тўғрисида»ги техник регламент тасдиқланди. У умумий фойдаланишдаги ва фойдаланишда бўлмаган темир йўл транспорти инфратузилмасига нисбатан қўлланади.
Регламентга кўра, ҳар қандай темир йўл маҳсулоти ишлаб чиқарилган йилдан қатъи назар, уни идентификация қилиш имконини берадиган махсус белгиларга эга бўлиши шарт. Улар қаторида мувофиқлик белгиси, рақам, ишлаб чиқарувчи ёрлиғи, ишлаб чиқарилган сана ҳамда резервуар ва назорат мосламаларининг текширувдан ўтгани ҳақидаги маълумотлар бўлиши керак.
Темир йўл маҳсулотининг мувофиқлигини мажбурий тасдиқлаш икки йўл билан амалга оширилади: мажбурий сертификатлаш ва мувофиқлик тўғрисида декларацияни қабул қилиш. Бу орқали маҳсулотнинг хавфсизлик ва сифат талабларига жавоб бериши кафолатланади.
Мувофиқлик сертификати маҳсулот партияси учун унинг яроқлилик ёки кафолат муддати давомида амал қилади. Серияли ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун эса бу муддат уч йилдан ошмаслиги лозим.
Мазкур регламент темир йўл транспортида хавфсизлик даражасини ошириш, маҳсулот сифати устидан назоратни кучайтириш ҳамда соҳа инфратузилмасини замон талабларига мослаштиришга қаратилган.