Ҳозирги Тошкент халқаро аэропортида йўловчи оқими ортиб бораётгани сабабли, Тошкент шаҳридан 17 км жанубда янги замонавий аэропорт қуриш режалаштирилмоқда. Янги аэропорт биринчи босқичда йилига 20 млн йўловчига хизмат кўрсата олади ва 169 та учоқни қабул қилиш ҳамда соатига камида 40 та рейсни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Янги аэропорт лойиҳаси ва унинг аҳамияти
Ўзбекистон пойтахтида халқаро авиаалоқаларни ривожлантириш, юк ва йўловчи оқимини самарали ташкил этиш мақсадида Тошкент вилоятида янги аэропорт қурилиши режалаштирилмоқда. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг таъкидлашича, янги аэропорт Тошкент шаҳридан 17 км жанубда, Самарқанд билан боғловчи амалдаги автомобил йўли ва келажакда қуриладиган пулли трассага яқин ҳудудда жойлашади.
Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилади ва биринчи босқичда йилига 20 млнгача йўловчига хизмат кўрсатиш, 169 та самолётни жойлаштириш ва соатига камида 40 та учиш-қўнишни таъминлаш имкониятига эга бўлади. Терминал биноси самолётга тўғридан тўғри чиқувчи 14 та «енглар» билан жиҳозланади, кейинги босқичларда бу рақам 45 тага етказилади.
Мавжуд аэропортнинг чекловлари
Uzbekistan Airports компанияси раҳбари Жавлонбек Умархўжаевнинг маълум қилишича, ҳозирги Тошкент халқаро аэропортининг имкониятлари тобора чекланиб бормоқда. Аэропорт йилига 11 млн йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга, аммо куннинг тиғиз соатларида тирбандликлар, автотураргоҳлардаги муаммолар ва ҳаво ҳудудидаги чекловлар кузатилмоқда.
Авиатрафикнинг ўсиши, туризм ва халқаро ишбилармонлик фаолиятининг кенгайиши туфайли 2030 йилга бориб хизмат кўрсатиладиган йўловчилар сони 15 млндан ошиб кетиши кутиляпти. Бироқ мавжуд аэропортда бир вақтнинг ўзида бир нечта учиш-қўниш йўлакларидан фойдаланиш имкони йўқ, бу эса унинг ривожланиш имкониятларини чеклайди.
Эслатиб ўтамиз, 1992 йил 24 июлда Ҳукуматнинг «Тошкент аэропортини кўчириш ҳақида»ги қарор қабул қилинган.
Ўша пайтда бу қарорни Вазирлар Маҳкамаси раиси (Ислом Каримов)нинг биринчи ўринбосари Исмоил Жўрабеков имзолаган.
Қарорда Тошкент шаҳрида қулай экологик вазият яратиш, республика ташқи иқтисодий фаолияти кенгаяётган шароитда авиацияда ташишнинг ўсиб бораётган ҳажмини тўлароқ қондириш мақсад қилингани ҳақида сўз боради.
Ҳозир кучдан қолган ҳужжатга кўра, Тошкент аэропортининг янги манзили сифатида пойтахтдан 45 км жануби-ғарбда ва Чиноз шаҳридан 12 км шимолда жойлашган ер участкаси танланган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги уч ой муддат ичида (1992 йил октабр) Қозоғистоннинг Чимкент области раҳбарияти билан аэропорт комплексининг бир қисмини Қозоғистон ҳудудида жойлаштириш масаласини ишлаб чиқиш, музокаралар натижаси бўйича «Янги» аэропорти қурилиши учун ер участкаси ажратиш ва аниқланган ер участкаси ҳамда унга туташ ҳудуд чегарасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси билан келишмасдан ҳар қандай қурилиш ишлари олиб боришни тақиқлаш таъкидланган.
Шунингдек, 1993 йил 1 октябргача «Тошкент» аэропортини шаҳар ташқарисига кўчиришнинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқиш топширилган.
Аммо 2024 йилда Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистоп Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори кўра ушбу қарор ҳам бекор қилинган.
2020 йил февраль ойида эса Uzbekistan Airportsнинг ўша вақтдаги раиси Ровшан Исмаилов Тошкент аэропорти йил охиригача реконструкция қилиниши режалаштирилгани ҳақида хабар берган. Унда 10 йил ичида аэропорт шаҳар чегарасидан чиқариш, халқаро аэропортни Тошкентдан 30−35 км узоқликда Ангрен ёки Чиноз томон кўчириш режалаштирилгани келтирилган.
2022 йил июнь ойида эса Uzbekistan Airportsнинг собиқ раҳбари Раъно Жўраева шаҳардан 30 км узоқликда янги Тошкент аэропортини қуриш ва уни халқаро ҳаб сифатида ривожлантиришни таклиф қилгани, президент ва ҳукумат бунинг мақсадга мувофиқлигини муҳокама қилган. Жўраева янги учиш-қўниш йўлакларини қуришнинг имкони йўқлиги сабабли ҳаво бандаргоҳининг ҳозирги қувватлари узоғи билан 2027 йилгача етишини таъкидлаган.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.