Вояга етмаганлар жазони ўтагач «судланмаган» деб ҳисобланади

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Олий Мажлис Сенати 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони ўтаб бўлган вояга етмаган шахсларни «судланмаган» деб ҳисоблашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади. Бу тартиб ёшларнинг келгусида ҳаётига судланганлик тўсиқларини олиб ташлашга қаратилган.

Jazo

Олий Мажлис Сенати мажлисида «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.

Расмий маълумотларга кўра, 2023 йилда 1 911 нафар, 2024 йилда эса 2 214 нафар вояга етмаган шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар содир этган ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар сони 1 238 тани, унча оғир бўлмаган жиноятлар эса 855 тани ташкил қилган.

Қонунга мувофиқ, эндиликда 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган ўта оғир бўлмаган жинояти учун жазони тўлиқ ўтаб бўлган шахс «судланмаган» деб ҳисобланади. Бу ёшларнинг келгусидаги ўқиш, ишга жойлашиш ва ижтимоий ҳаётда эркин ҳаракатланиши учун ҳуқуқий замин яратади.

Шу билан бирга, қонун вояга етмаганларга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам муддатини олти ойдан бир ойгача қисқартиришни ҳам назарда тутади. Сенаторлар бу ўзгаришлар жиноий жавобгарликни либераллаштириш йўлидаги муҳим қадам эканини таъкидлади.

Маъқулланган қонун ёшлар ҳаётида судланганлик тамғасини йўқотиш ва уларнинг жамиятда тўлақонли фаолият юритишига хизмат қилиши кутилмоқда.