Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда асосий капиталга инвестициялар ҳажми қарийб 2,7 баробарга кўпайган. 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 5,5 фоизга кўпдир. Инвестицияларнинг асосий қисми хусусий манбалардан ва хорижий капитал ҳисобига амалга оширилди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда асосий капиталга 273,4 трлн сўм сармоя киритилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 30 трлн сўм кўпдир. Инвестицияларнинг асосий қисми — 90 фоиздан ортиғи — хусусий сектор ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, корхоналар 44 трлн сўм, аҳоли эса 17,3 трлн сўм сармоя йўналтирди.
Энг йирик сармоя йўналиши — тўғридан тўғри хорижий инвестициялар бўлди. Унинг ҳажми 109,8 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 32 фоизга ўсди.
Иқтисодиёт тармоқлари бўйича энг катта инвестициялар саноатга йўналтирилди. Ишлаб чиқариш соҳаси 74,3 трлн сўм билан етакчилик қилди. Шунингдек, энергетика (38,4 трлн сўм) ва тоғ-кон саноати (29,6 трлн сўм)да ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилди. Қишлоқ хўжалигида сармоялар улуши 8,9 фоизни ташкил этди.
Хорижий сармоялар умумий ҳажми 20,6 млрд долларга тенг бўлди. Шунинг 15,1 млрд доллари янги заводлар, фабрикалар ва инфратузилма объектларини қуришга сарфланди.
Шу билан бирга, ижтимоий инфратузилма ҳам фаол ривожланди. Ярим йилда мамлакат бўйича 7,18 млн м² турар-жой фойдаланишга топширилди. 125 км сув ва 4,4 км газ тармоқлари қурилиб, асосан қишлоқ жойларини қамраб олди.
2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда асосий капиталга инвестициялар ўсишда давом этди. Хусусий сектор ва хорижий сармоялар бу жараёнда асосий улушга эга бўлди. Саноат, энергетика ва инфратузилма йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳалар иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватламоқда. Давлатнинг инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган ишлари ва халқаро сармоядорлар қизиқиши келгусида ҳам инвестиция оқимларини барқарор сақлаб туриши мумкин.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.