Андижонда ўқитувчилар таътилда мактаб таъмирига жалб қилинди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 42-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқитувчилари меҳнат таътилида бўлишига қарамай, девор оқлаш ва таъмирлаш ишларига жалб этилгани ҳақидаги видео ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Maktabni tamirlayotgan o'qituvchilar

Кадрларда аёл ўқитувчилар мактаб хоналари ва залларида девор ҳамда шифтларни тозалаш, оқлаш билан шуғулланаётгани акс этган. Видеонинг муаллифи улар математика, инглиз тили, рус тили, меҳнат ва бошқа фанлардан дарс берадиган ўқитувчилар эканини таъкидлаган. Уларнинг таътил пайтида «ҳашар»га чақирилгани айтилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, вазият қатъий назоратга олинганини маълум қилди. Вазирлик «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунга кўра, ўқитувчиларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурлаш ман этилишини, бундай ҳолат қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка олиб келишини эслатди.

Шу сабабли бу вазиятга йўл қўйган масъулларга нисбатан таъсир чоралари кўрилиши қайд этилди. Вилоят ҳокимлиги ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдириб, масала ўқитувчиларнинг қадр-қиммати билан боғлиқ эканини таъкидлади.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокими назоратида ишчи гуруҳ тузилиб, холис ва атрофлича ўрганиш ишлари бошланган. Ҳокимлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва ОАВ вакилларидан текширилмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.

Текширув якунлари бўйича жамоатчиликка батафсил маълумот берилиши ва айбдорларига нисбатан қатъий чоралар қўлланилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, ҳокимлик ўқитувчиларнинг асосий вазифаси таълим ва тарбия бериш эканини, уларни бундан ташқари ишларга жалб этиш мутлақо ноқонуний ҳисобланишини эслатди.