АҚШ атом сувости кемалари Туркия изнисиз Қора денгизга кира олмайди

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ ўз атом сувости кемаларини Қора денгизга олиб кириш учун Туркиядан расмий рухсат олиши шарт. Бу ҳақда Туркиянинг Turkiye газетаси халқаро ҳуқуқ бўйича экспертларга таяниб хабар берди.

Suv osti kemasi

Бу талаб Монтрё конвенцияси асосида белгиланган. 1936 йилда қабул қилинган мазкур ҳужжат Туркиянинг Босфор ва Чаноққалъа бўғозлари устидан тўлиқ суверен ҳуқуқини тиклади. Конвенцияга кўра, тинчлик пайтида Қора денгизга туташ давлатлар ўз ҳарбий кемаларини Туркияга маълум қилган ҳолда бемалол ўтказиши мумкин. Бироқ, Қора денгизга туташ бўлмаган давлатлар учун тоннаж, тур ва муддат бўйича чекловлар бор.

Мутахассис Ҳаққий Хоқон Эркинэрнинг таъкидлашича, Туркия АҚШга бундай рухсат бериши эҳтимоли жуда паст: «Мен Туркия буни маъқуллашига мутлақо ишонмайман», — деди у.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса, Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевнинг баёнотига жавобан, икки атом сувости кемасини «керакли ҳудудларга» жўнатиш буйруғини берганини айтди.

Россия Федерацияси Кенгаши бунга жавобан, Трамп баёнотини Россия томонидан янги сувости ракета крейсери сувга туширилиши билан боғлаган.

Туркия конвенция асосида ўзини хавф остида деб ҳисобласа, у ҳолда ҳарбий кемалар учун бўғозларни ёпиш ҳуқуқига эга. Бу ҳолат Қора денгиздаги ҳарбий мувозанат ва геосиёсий вазиятни жиддий таъсирга олиб келиши мумкин.