Гутерриш БМТ ҳисоботлари ва йиғилишларини қисқартиришни таклиф қилди

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ташкилот чиқараётган ҳисоботлар сони ва йиғилишлар миқдорини кескин камайтириш зарурлигини билдирди. Унга кўра, ҳозирги иш усули самарасиз бўлиб, катта маблағ ва ресурслар беҳуда сарфланмоқда.

Gutterish

Гутерриш маълум қилишича, БМТнинг UN80 ишчи гуруҳи тайёрлаган ҳисоботда минглаб мандатлар бажарилиши жараёни ўрганилган. Ҳозирда барча мандатларнинг ярмидан кўпи ҳисобот тайёрлашни талаб қилади.

Фақат ўтган йили котибият 1100 та ҳисобот чиқарган бўлиб, бу 1990 йилдагидан 20 фоизга кўп. Уларнинг катта қисми бир хил мавзуларни такрорлайди ва ҳажми сўнгги 20 йилда 40 фоизга ўсган.

Бош котибнинг таъкидлашича, ҳисоботлар жуда кам ўқилади — уларнинг бешдан бир қисми интернетда минг мартадан кам юкланган. Шу билан бирга, йиғилишлар ва нашрлар БМТ мунтазам бюджети харажатларининг сезиларли қисмини ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, бюджетнинг ҳар ўн долларидан бири тўғридан-тўғри ушбу мақсадларга сарфланади.

UN80 дастури доирасида БМТ самарадорлигини ошириш, бюрократияни камайтириш, эскирган мандатларни бекор қилиш ва ташкилотнинг тузилишини қайта кўриб чиқиш каби йўналишларда ислоҳотлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, БМТда 40 мингдан ортиқ амалдорлар томонидан бажариладиган мандатлар мавжуд бўлиб, улар йилига 27 мингдан ортиқ учрашув ва ҳар куни тахминан 2300 саҳифали ҳужжат тайёрлашни талаб қилади. Бу эса йилига 360 миллион доллар атрофида харажатни ташкил этади.