Исроил Ғазода овқат излаган 20 дан ортиқ фаластинликни ўлдирди

22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ғазо секторида якшанба куни озуқа тарқатиш нуқталари атрофида юз берган отишма натижасида камида 23 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий шифохона ходимлари ва гувоҳлар хабар берди.

Ghf gaza

AP нашрининг хабар беришича, улар гуруҳлар очликдан қутулиш умидида озуқа олиш учун тўпланган бир пайтда ўқ ёмгирига дуч келган. Гувоҳлардан бири, Юсуф Абед, озуқа тарқатиш нуқтасига йўл олаётганда «ҳеч қандай фарқсиз» отишма бошланганини, ерда қон ичида ётган уч нафар одамни кўрганини сўзлаб берди. У отишма туфайли уларга ёрдам беролмаганини таъкидлади.

Жанубий Ғазодаги Насир шифохонаси маълумотича, ўлдирилганлар турли тарқатиш нуқталари яқинидан олиб келинган. Жумладан, Хон Юнусдаги ГФҲ (Gaza Humanitarian Foundation) озуқа тарқатиш пунктидан уч километр узоқликдаги Теина ҳудудидан саккизта жасад келтирилган. Бу ташкилот АҚШ ва Исроил қўллаб-қувватлаган хусусий пудратчи бўлиб, икки ойдан ортиқ вақтдан бери гуманитар ёрдам тарқатиш билан шуғулланади.

Шунингдек, Рафаҳ шаҳридаги бошқа тарқатиш нуқтаси шимолидаги Шакуш ҳудудидан бир нафарнинг жасади олиб келинган. Мораг коридорида эса Исроил чегараси орқали кириши кутилган юк машиналарини кутаётган тўққиз фаластинлик ўлдирилгани айтилмоқда.

Халқаро кузатувчилар Ғазо секторида икки йилга яқин давом этаётган ҳарбий операция ва Исроилнинг блокадаси туфайли очлик хавфи тобора кучайиб бораётганини огоҳлантирмоқда. 2 миллиондан ортиқ аҳоли ёрдамга муҳтож, озуқа тарқатиш нуқталари эса кўпинча хавфли ҳудудларга айланмоқда.