Ташриф доирасида Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича III конференциясида иштирок этади. Ушбу нуфузли анжуман Туркманистоннинг «Аваза» миллий сайёҳлик зонасида ташкил этилмоқда, деб ёзмоқда Президент матбуот хизмати.
Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, шунингдек, кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари иштирок этади. Конференция кун тартибида транспорт боғлиқлиги, савдо тартиб-таомиллари, иқлим ўзгаришига мослашув, иқтисодий трансформация ва халқаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
Йиғин якунида «Аваза сиёсий декларацияси» ва ҳаракатлар дастури қабул қилиниши кутилмоқда. Бу ҳужжатлар узоқ муддатли ривожланиш мақсадларини амалга оширишда муҳим ҳуқуқий ва сиёсий асос сифатида хизмат қилади.
Шунингдек, Мирзиёев ташриф доирасида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувига тайёргарлик масалаларига бағишланган тадбирда иштирок этади ва қатор икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.