Ноқонуний диний таълим ҳамда қонунга хилоф диний адабиётлар чоп этганлар қўлга олинди

13:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида ноқонуний диний таълим бериш ва қонунга хилоф равишда диний адабиётлар тайёрлаш ҳолатлари аниқланган.

Dxx

ДХХ хабар беришича, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 1993 йилда туғилган шахс уй шароитида 15 нафар ёшга ноқонуний диний таълим бериб, ҳар биридан 150 АҚШ долларидан олгани маълум бўлган. Ўқувчилар орасида 11 нафар вояга етмаган ва мактабга уч йилдан бери бормай келаётган ўқувчи ҳам борлиги аниқланган.

Худди шу маҳалладаги яна бир уйда 1977 йилда туғилган шахс 10 нафар вояга етмаган болага ҳар бири учун 100 доллар ва озиқ-овқат маҳсулотлари эвазига ноқонуний таълим берган. У болаларни яшириш учун махсус қўлбола ертўла қурдирган.

Тадбирлар давомида улар махсус голограммаси бўлмаган, норасмий шаклда чоп этилган диний адабиёт ва қўлёзмалардан фойдалангани аниқланди. Маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр суд ўтказилиб, ҳар икки шахс МЖтКнинг 241-моддаси асосида жавобгарликка тортилди.

Фарғона вилоятидаги тезкор тадбирлар давомида Бувайда туманида 1991 йилда туғилган фуқаро уйида ва овқатланиш муассасасида қонунга хилоф равишда диний китоблар чоп этиш билан шуғуллангани маълум бўлди. У китобларни Тошкент, Самарқанд ва бошқа вилоятлардаги дўконларга тарқатиб келган. Тинтувда 1210 дона тайёр китоб, 2000 дона ярим тайёр босма маҳсулот ва 6 та чоп этиш дастгоҳлари ашёвий далил сифатида олинди.

Маълум бўлишича, у 2024 йилда ҳам шу турдаги қонунбузарлик учун жаримага тортилган бўлса-да, ноқонуний фаолиятини давом эттирган. Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда.