Бу ҳақда Reuters агентлиги OPECнинг расмий баёнотига таянилган ҳолда хабар берди.
Жумладан, Россия учун белгиланган кунлик квота 9,449 млн баррелни ташкил этади. Шундай қилиб, апрелдан сентябргача сўнгги ихтиёрий қисқартириш — кунига 2,2 млн баррел миқдоридаги нефт бозорга тўлиқ қайтарилиши режалаштирилмоқда. Бир вақтнинг ўзида БАА сентябр ойида ишлаб чиқариш квотасини 300 минг баррелга олдиндан оширади.
OPEC+ мамлакатлари ўз баёнотида нефт бозоридаги барқарорликни таъминлашга содиқлигини, буни соғлом асосий кўрсаткичлар ва жаҳон иқтисодиётининг барқарор ўсиши билан изоҳлашганини таъкидлашди. Уларнинг таъкидига кўра, сентябрда белгиланган ишлаб чиқариш ўсиши аввалги ортиқча ишлаб чиқаришни қоплашни жадаллаштиради.
Айни пайтда OPEC+ олдида икки босқичли қисқартириш режаси қолмоқда: саккизта аъзо давлат учун — 1,65 млн баррел ва бутун алянс учун — 2 млн баррел. Альянснинг кейинги йиғилиши 7 сентябр куни ўтказилиши белгиланган.
Ушбу қарор АҚШ Президенти Доналд Трампнинг Ҳиндистонга Россия нефтини импорт қилишни тўхтатиш талаби янграган бир пайтда қабул қилинди. Агар бу талаб амалга ошса, Москва катта даромадлардан маҳрум бўлиши ва бу янги глобал таъминот инқирозига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, жаҳонда тўртинчи чоракда талаб пасайиши кутилмоқда.
Таҳлилчиларга кўра, тариф ва санкциялар атрофидаги ноаниқлик бу ҳафта Brent нархини беш ҳафтанинг энг юқори кўрсаткичи — 73,63 долларга олиб чиқди. Жума куни эса нефтнинг бир баррели 70 доллар атрофида савдолашилди.