2025 йил 30 июлда Президентнинг ПҚ–241-сон қарори билан икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги ҳаво қатнови тўғрисидаги битим расман тасдиқланди.
Мазкур битим 2024 йил 22 октябрда Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда имзоланган эди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасида мунтазам авиақатновлар ташкил этиш, йўловчи ва юк ташиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда авиация соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Қарорга асосан, битимни амалга ошириш учун масъул ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги белгиланди. Вазирлик ҳамкор мамлакат авиакомпаниялари билан йўналишлар, парвозлар сони ва шартларини келишиш ишларини олиб боради.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар шартнома кучга киргандан сўнг унинг қоидаларининг тўлиқ ва самарали амалга оширилишини таъминлайди. Бу қадам икки давлат ўртасидаги иқтисодий, туристик ва маданий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу келишув нафақат Саудия Арабистонига зиёрат ва туризм оқимини оширади, балки Ўзбекистоннинг халқаро авиа бозоридаги позициясини ҳам мустаҳкамлайди.