Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, январ-июн ойларида 3,5 млн нафардан ортиқ ўзбекистонлик чет элга борган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 810 минг нафарга кўп ёки 29,7 фоизга ўсишни англатади.
Энг кўп сафар қилинган йўналишлар қўшни давлатларга тўғри келди. Жорий йилнинг биринчи ярмида энг катта оқим Қирғиз Республикасига йўналган — 1 млн 527 мингдан ортиқ киши ушбу мамлакатга борди. Иккинчи ўринда Қозоғистон (664,6 минг киши), учинчи ўринда эса Тожикистон (631,6 минг киши) жой олди.
Россияга 230,4 минг ўзбекистонлик сафар қилган бўлиб, бу асосан меҳнат миграцияси ва қисман туризм билан боғлиқ. Саудия Арабистонига эса 145,3 минг киши ташриф буюрган, уларнинг асосий қисми умра ва ҳаж зиёрати иштирокчилари ҳисобланади.
Туркия Ўзбекистон туристлари орасида оммабоп йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда — ярим йилда 102 минг киши борган. БААга 72,7 минг киши, Мисрга эса 30,9 минг киши сафар қилган. Осиёнинг машҳур туристик нуқталари — Таиланд (16,7 минг киши) ва Вьетнам (16,1 минг киши) ҳам рўйхатдан ўрин олди.
Шунингдек, бошқа давлатларга жами 102,6 минг ўзбекистонлик борган. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, чет элга саёҳатлар сонининг кескин ошиши ички иқтисодий барқарорлик, халқаро авиақатновлар сонининг кўпайиши ва туристик хизматлар таклифининг кенгайиши билан изоҳланади.