Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, Қатар компанияси ижрочи раиси Аҳмад ал-Жуфайрий инвестициялар вазири Лазиз Қудратов билан учрашиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди. Аҳмад ал-Жуфайрий компания энергетика, уй-жой қурилиши, IT, транспорт ва логистика соҳаларига сармоя киритишдан манфаатдор эканини билдирди.
Шунингдек, компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти иқтисодий ўсиш, рақамлаштириш ва инфратузилмани яхшилашни мақсад қилган лойиҳаларни қамраб олади. Protocol Capital Group тoп-менежери транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан ҳам учрашиб, транспорт инфратузилмаси ва рақамли технологиялар йўналишида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув чоғида йўл тармоқларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда узоқ муддатли шериклик моделлари юзасидан музокаралар ўтказилди. Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, компания Ўзбекистонда транспорт соҳасида замонавий ва инновацион ечимларни жорий этишдан манфаатдор.
Protocol Capital Group жаҳондаги 34 давлатда 1000 дан зиёд лойиҳаларни амалга оширган. Унинг умумий активлари 4 млрд доллардан зиёд бўлиб, компания кўчмас мулк, сув захиралари, ҳаво билан совитиш, қурилиш материаллари, нефт-газ ва фармацевтика соҳаларида ҳам фаолият юритади.