Қидирувда бўлган 3 нафар фуқаро БААдан экстрадиция қилинди

11:50 | 2 дақиқада ўқилади.

БААдан Ўзбекистонга халқаро қидирувда бўлган уч нафар фуқаро экстрадиция қилинди. Улар оғир жиноят содир этганликда айбланган.

Baada ushlangan o'zbeklar

ИИВ матбуот хизмати маълум қилишича, ушбу шахслар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мамлакат ҳудудида содир этилган иқтисодий ва мулкий жиноятлар бўйича қидирувга берилган. Улар халқаро қонунчилик асосида БААда аниқланиб, қўлга олинган.

Экстрадиция жараёни Тошкент ва Абу-Даби шаҳарларидаги Интерпол Миллий марказий бюролари ўртасидаги яқин ҳамкорлик ва келишувлар асосида амалга оширилди. Бу жараён икки давлат ўртасида трансмиллий жиноятчиликка қарши кураш борасидаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида қайд этилди.

ИИВ таъкидлашича, ушбу экстрадиция амалдаги халқаро битимлар ва ҳуқуқий ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларга мувофиқ бажарилган. Оғир жиноятларда айбланаётган шахслар энди Ўзбекистонда суд олдида жавоб беради.

Мутасаддиларнинг айтишича, кейинги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлиги кучайгани туфайли қочқин ва қидирувдаги шахсларни қайтариш ҳолатлари сезиларли даражада ошган.