Россия иқтисодиёти санкциялар ортидан «ғилдираги бўшаган машина»дек депсиниб қолди

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил бошидан буён Россияда юк ташиш ҳажми кескин камайди. Июл ойида ушбу кўрсаткич 5,4 фоизга, йил бошидан эса 7,3 фоизга пасайди. Бунда асосий зарба мамлакат саноати учун муҳим бўлган тармоқларга берилди.

Rjd

Жумладан, дон маҳсулотлари ташиш 35,6 фоизга, металлолом — 34,6 фоизга, қурилиш материаллари — 17 фоизга, нефт ва нефт маҳсулотлари ташуви эса 4,7 фоизга камайди. Бу эса Россия темир йўллари ва экспорт инфратузилмаси аниқ инқирозда эканини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари Андрий Ермак маълумот берди.

Ермакнинг таъкидлашича, юк ташиш ҳажмининг пасайиши шунчаки рақам эмас, балки Россия иқтисодиётидаги чуқур структурали муаммоларнинг натижасидир. Унга кўра, мамлакат иқтисодиёти халқаро санкциялар, технологик оқсаш ва ички эҳтиёжнинг пасайиши фонида барқарорлигини йўқотган.

Мутасадди қайд этишича, Россия ҳозир ҳарбий иқтисодиёт моделига ўтиб бўлган, бунда фуқаролик соҳалари эмас, ҳарбий-саноат мажмуасига устуворлик берилади. Шу сабаб, металлургия, агроэкспорт ва логистика сингари стратегик тармоқлар ҳам кундан-кун заифлашмоқда.

Ермак Россия темир йўл тизими ҳолатини мамлакат иқтисодиётининг тўғридан тўғри кўзгуси, деб таърифлади. Унинг таъкидлашича, «темир йўл иқтисодиётнинг артериясидир ва у ҳозир юраги ишламай қолган инсонга ўхшаб турибди».

Айни пайтда АҚШ Россия иқтисодиётини халқаро молиявий оқимлардан узиб қўйиш учун иккинчи даражали санкцияларни жорий этишни муҳокама қилмоқда. Гарчи Россия ҳозирча нефт ва газ экспорт ҳисобидан кун кўраётган бўлса-да, бу манбалар ҳам энди ишончли таянч сифатида кўрилмаяпти.