2025 йил 3 июлидан бошлаб Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб турган «Толибон» ҳаракатининг оқ матога қора ҳарфда шаҳодат калимаси туширилган байроғи Москва марказида жойлашган Афғонистон элчихонаси устида кўтарилди. Бу — 2021 йилда Кобулдаги аввалги ҳокимият қулаганидан бери илк бор йирик жаҳон давлати «Толибон» ҳукуматини расман тан олганини англатади. Илгари Россия мазкур афғон ҳаракатига қарши қатъий позицияда турган бўлса-да, энди ўз ташқи сиёсий курсини тубдан ўзгартирди.
2003 йили «Толибон»ни террорчилик ташкилоти деб эълон қилган мамлакат бугунги кунда ушбу ҳаракатни терроризмга қарши курашдаги ҳамкор сифатида кўрмоқда. Хўш, бу орада қандай жузъий ўзгаришлар бўлди?
Келинг, тарихга бир назар ташлайлик.
1990-йиллар охирида «Толибон»нинг Афғонистонда биринчи бор ҳокимиятга келиши Москвада жиддий хавотир уйғотганди. Бу ҳаракат ўша пайтда Чеченистон мустақиллигини очиқ тан олган ва ҳатто Россияга қарши жиҳод эълон қилган эди.
Бироқ икки ўн йиллик давом этган урушлар, иттифоқлар алмашинуви ва АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши минтақадаги сиёсий харитани мутлақо ўзгартирди. 2017 йилдан бошлаб Россия «Толибон» етакчилари билан норасмий алоқаларни ўрната бошлади, учрашувлар ташкил қилди ва дипломатик фаолиятини парда ортидан кучайтирди.
2021 йилда Қобул ҳукумати ағдарилиб, Ғарб дипломатлари мамлакатни шоша-пиша тарк этаётган бир пайтда, Россия элчихонаси эшикларини ёпмади. Аксинча, уни айнан «Толибон» жангчилари муҳофаза қила бошлади. 2025 йил июлидаги расмий тан олиш — бу Москва сўнгги ўн йилда олиб борган аниқ ҳисоб-китобли геосиёсий ўйин натижасидир.
Бу қарорга учта асосий омил таъсир кўрсатган. Биринчиси — хавфсизлик масаласи. Россия «Толибон»ни ИШИД-Хуросон каби янада радикал гуруҳларга қарши тийиб турувчи куч сифатида кўрмоқда.
Толиблар ҳам, Россия ҳам ушбу гуруҳни душман деб ҳисоблайди ва унга қарши кураш олиб боради. Маълумки, умумий душман иттифоқни мустаҳкамлайди. Москва ва Кобулдаги ИШИД-Хуросон билан боғлиқ терактлардан сўнг Владимир Путин «Толибон»ни террорчиларга қарши умумий курашдаги иттифоқчи сифатида атаганди:
« Толибон ҳаракати мамлакатда ҳокимиятни назорат қилмоқда, биз шу нуқтайи назардан келиб чиқишимиз керак. Бу маънода толиблар шубҳасиз террорчиларга қарши курашдаги ҳамкорларимиздир», — деганди Путин Остона шаҳридаги чиқишида.
Иккинчиси — таъсир доирасини кенгайтириш. Москва ўзининг жанубий чегараларини, айниқса Тожикистон ва Ўзбекистон билан боғлиқ ҳудудларни мустаҳкамлашга интилмоқда. Қурол-яроғ қолдиқлари ва минтақавий дипломатия воситалари орқали Россия Марказий Осиёда ўз қудратини проекция қилмоқда.
Учинчи ва охирги омил — иқтисодий манфаат. Россия Афғонистоннинг очилмаган бозорлари ва табиий бойликларига умид боғламоқда. Толиблар ҳокимиятга келганидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси деярли ўн баробарга ошди.
2022 йилда ўзаро савдо ҳажми тахминан 170 млн доллар бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 1 млрд доллардан ошиб кетди. Жорий йил охирига қадар эса томонлар 3 млрд долларлик савдо айланмасини амалга оширишни ваъда қилмоқда.
Энди нима бўлади?
Бошқа давлатлар ҳам Россия ортидан Толибонни тан олиши эҳтимолдан холи эмас.
Ҳа, Москва намунаси қўшнилар учун ҳам туртки бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳаракат раҳбарлари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб келади. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов толиблар ҳукмронлиги остидаги Афғонистонга ташриф буюрган энг биринчи юқори мартабали инсон бўлди. Қозоғистон эса ўтган йилиёқ толибларни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқарганди.
Беларус, Эрон ва Ҳиндистон ҳам ўз сиёсатини қайта кўриб чиқиши эҳтимоли бор. Хитой эса Қобул билан алоқаларни тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Ўтган йили Пекин биринчи марта толиблар тайинлаган Афғонистон элчисини расман аккредитация қилди.
Шундан буён хитойлик компаниялар Афғонистондаги нефт ва литий лойиҳаларига фаол сармоя киритмоқда. Жорий йилда эса Хитой ҳаракатни август охирида бўлиб ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитига расман таклиф қилди.
Шу билан бирга, аксарият ғарб давлатлари ҳозирча эҳтиёткорликни сақламоқда. Инсон ҳуқуқлари, аёллар эркинлиги ва терроризм хавфи каби масалалар уларга ҳали ҳам йўналишни ўзгартиришга тўсқинлик қилмоқда.
Бироқ бу тенденция ўзгариши мумкин. Агар бошқа мамлакатлар ҳам ёндашувини юмшатса, Афғонистоннинг халқаро изоляцияси тугаши мумкин бўлади. Бу тинчлик туфайли эмас — балки геосиёсий манфаатлар туфайли юз беради.