«Sea Breeze Uzbekistan» бўйича ҳукумат қарори: лойиҳани амалга ошириш шартлари белгиланди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Вазирлар Маҳкамасининг «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди.

Sea breeze charvak

1 август куни имзоланган ҳукумат қарорига кўра, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ҳудудидаги 577 га ер майдонида қиймати 5 млрд АҚШ долларини ташкил этадиган умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан «Agalarov Development» МЧЖ (Озарбойжон) иштирокида «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ қўшма корхонасининг таклифлари энг яхши таклиф сифатида танлаб олинган.

Ҳукумат қарорида «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ ҚКга лойиҳани амалга ошириш бўйича бир қатор ҳуқуқ ва вазифлар ҳам белгиланган.

Жумладан, лойиҳа қурилишида Чорвоқ сув омборига бир томчи ҳам оқава сув туширилмаслиги шарт этиб белгиланди. Курорт ҳудудида атроф-муҳит ҳолати, жумладан, сув сифати устидан давлат органлари томонидан доимий назорат ўрнатилади.

Лойиҳани амалга оширишда бузиладиган ҳар қандай хусусий мулк объектлари, шу жумладан, дала ҳовлилар ва мулкчиликнинг бошқа шакллари компенсацияланади.

Яшил майдонлар экологик ва эстетик қиймати даражасига кўра таснифланади ва энг муҳим намуналарга нисбатан кесиш эмас, балки кўчириб ўтказиш чоралари кўрилади.

Бош прокуратура курорт ҳудудида барча шаҳарсозлик ва экологик меъёрларга риоя этилишини алоҳида назоратга олади. Экология вазирлиги ва Бош прокуратура дастлабки лойиҳа ечимларидан тортиб, объектларни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнларнинг шаффофлиги ва қонунийлигини таъминлашга масъул ҳисобланади.

Шунингдек, ҳукумат қарори билан «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича республика ишчи гуруҳини ташкил этиш белгиланган.