«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси: оқова сувлар масаласи қандай ҳал этилади?

23:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Барча оқова сувлар Чирчиқ шаҳридаги махсус тозалаш иншоотига йўналтирилади. Бу «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланади. Бунда ушбу талабга риоя этмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ерга бўлган ижрага ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади.

Sea breeze agalarov

Вазирлар Маҳкамасининг «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисидаги қарори эълон қилинди. 5 млрд АҚШ доллари қийматига тенг мазкур лойиҳа нафақат иқтисодий фойда, балки ҳуқуқий ва экологик масъулиятни ҳам ўз ичига олган комплекс ёндашув билан амалга оширилмоқда.

Ҳукуматнинг расмий қарорида қайд этилишича, «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖ томонидан амалга ошириладиган курорт мажмуаси умумий 577 гектар майдонда қурилади. Лойиҳа туристик инфратузилмани такомиллаштириш, халқаро стандартларга мос замонавий дам олиш масканини яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва минглаб янги иш ўринлари ташкил этишни мақсад қилади.

 

Барқарор экологик назорат

Бу каби кенг кўламли қурилиш фақат иқтисодий манфаатлар эмас, балки стратегик режалаштириш ва экологик меъёрларга қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилиши лозим. Шу боис, Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли идоралар томонидан лойиҳага оид барча ечимлар давлат органлари билан келишилиши шарт этиб белгиланди. Шу билан бирга, курорт ҳудудида истеъмолчиларга кўрсатиладиган коммунал хизматлар тарифлари ҳам ҳукумат билан мувофиқлаштирилади.

Компания ўз фаолиятида барқарор қурилиш ва экологик хавфсизлик талабларига амал қилган ҳолда, хорижий амалиёт ва технологиялардан фойдаланишни режалаштирган. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида ҳар бир қарор, техник ечим ва қурилиш ҳаракати давлат назоратида бўлади.

 

Хусусий мулк ва ҳуқуқий ҳимоя

Лойиҳа ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган мулк объектлари, жумладан, дала ҳовлилар ҳам мавжуд. Шу боис, «Sea Breeze» лойиҳаси доирасида хусусий мулкка доир барча масалалар амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда ҳал этилади. Қурилиш ишларига тайёргарлик жараёнида компенсация ва расмийлаштириш тартиб-таомиллари тўлиқ шаффофлик асосида олиб борилади.

Барча процесслар — қурилиш майдонидаги мулкдорлар манфаатларини инобатга олган ҳолда ташкил этилади. Давлат, лойиҳа ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий мувозанат сақланиши, узоқ муддатли ижтимоий розиликка эришиш муҳим омил сифатида белгиланган.

 

Табиат муҳофазаси ва оқова сувлар 

«Sea Breeze» лойиҳаси муҳандислик ва архитектура ечимларида экологик барқарорликка устувор аҳамият қаратади. Мажмуа ҳудудидаги яшил майдонлар, дарахтлар ва табиий ландшафт элементлари эҳтиёткорлик билан муҳофаза қилинади. Дарахтларни кесиш эмас, балки имкони борича уларни кўчириш ва улар ўрнини кўпайтирилган миқдорда янги кўчатлар билан тўлдириш режалаштирилган.

Дам олиш маскани Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда жойлашгани сабабли, сув ресурсларини муҳофаза қилиш масаласи марказий ўринда турибди. Қарорга кўра, лойиҳа амалга оширилаётган даврда ҳам, кейинчалик фаолият юритилаётган пайтда ҳам ҳеч қандай оқова сувлар Чорвоқ ёки Чирчиқ дарёсига ташланмаслиги шарт. Барча оқова сувлар Чирчиқ шаҳридаги махсус тозалаш иншоотига йўналтирилади. Бу «Sea Breeze Uzbekistan» МЧЖнинг асосий мажбуриятларидан бири этиб белгиланади. Бунда ушбу талабга риоя этмаслик лойиҳани тўхтатишга ва ерга бўлган ижрага ҳуқуқининг бекор қилинишига асос бўлади.

Шунингдек, курорт ҳудудида атроф-муҳит ҳолати устидан давлат органлари томонидан доимий мониторинг ва назорат йўлга қўйилади. Муҳандислик тизимлари — тозалаш, сув чиқариш, чиқиндиларни ажратиш — барчаси экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган.

 

Давлат назорати ва ҳуқуқий шаффофлик

«Sea Breeze Uzbekistan» лойиҳаси бўйича амалга ошириладиган ҳар бир қадам — бош режадан тортиб, қурилишга рухсат, объектларни фойдаланишга топширишгача — Вазирлар Маҳкамаси ва Республика Бош прокуратураси назоратида бўлади. Бош прокуратура шаҳарсозлик ва экологик нормаларга тўлиқ риоя этилишини алоҳида назоратга олади. Бу давлат манфаатлари, табиат ва фуқаролар ҳуқуқлари бирдек ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Шунингдек, лойиҳа ҳудудини ривожлантириш фақат мажмуа қурилиши билан чекланмасдан, унга туташ ҳудудларни ҳам ободонлаштириш, муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани яхшилашни назарда тутади. Бу нафақат туристлар, балки маҳаллий аҳоли учун ҳам барқарор яшаш муҳитини таъминлашга хизмат қилади.