Қуйи палата матбуот хизмати маълумотига кўра, сўнгги пайтларда молия ва ахборот технологиялари соҳасидаги саводхонлик етарли эмаслиги туфайли айрим фуқаролар фирибгарлик қурбонига айланмоқда.
Маълумотга кўра, баъзи фуқаролар ўз ЭРИ калитини бошқа шахсларга тақдим этмоқда. Бу эса улар номидан қонун доирасида турли ҳаракатларни амалга ошириш имконини бермоқда. Шу боис депутат мазкур соҳада хавфсизлик чораларини кучайтириш юзасидан қатор таклифларни илгари сурган.
Хусусан, ЭРИ калити фақат рўйхатдан ўтган қурилмада ишлаши, бошқа қурилма орқали фойдаланилганда эса FaceID орқали тасдиқ талаб қилиниши таклиф қилинган. Шунингдек, ҳар қандай ҳолатда фуқаро ЭРИ билан тизимга кирганда ҳам FaceID орқали аутентификация қилиш тартибини жорий этиш (банк пластик карталаридаги биометрик тизим сингари) назарда тутилган.
Депутатнинг фикрича, мазкур таклифлар амалга оширилса, ЭРИдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари камаяди ва фуқароларнинг ҳуқуқий хавфсизлиги ошади. Шу билан бирга, у қўмита раҳбаридан бу таклифлар амалга оширилганда юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар ҳақида 10 кун ичида асосланган жавоб беришни сўраган.