Тошкентда гўшт ва чорва импортерлари ассоциацияси тузилади

18:55 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳри ҳокимиятида 70 дан ортиқ гўшт ва тирик чорва импортерлари ҳамда чорвачилик фермалари вакиллари билан кенгайтирилган учрашув ўтказилди.

Go'sht asatsatsiyasi

Асосий эътибор аҳолини сифатли ва арзон гўшт билан таъминлаш, нархларни барқарорлаштириш ва харидорлар учун қулай шарт-шароит яратиш масалаларига қаратилган. Учрашувда етказиб бериш барқарорлигини ва нархлар изчиллигини таъминлаш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган чоралар муҳокама қилинди.

Тадбиркорлар логистика, божхона жараёнлари, солиққа тортиш ва ветеринария назорати билан боғлиқ асосий муаммоларини баён қилди. Айрим масалалар учрашув жараёнидаёқ ҳал этилди, қолганлари эса ҳокимият ва мутасадди идоралар томонидан назоратга олинди.

Иштирокчилар томонидан гўшт ва тирик чорва импортерлари ассоциациясини тузиш ташаббуси билдирилди. Бу тузилма бозордаги нархлар ва таъминотни тизимли равишда тартибга солиш, маҳсулот сифати ва миқдорини кафолатлаш имконини беради. Тошкент шаҳар ҳокими ҳамда масъул тузилмалар мазкур ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Учрашувда Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат ветеринария назорати бошқармаси, прокуратура ва бошқа идоралар вакиллари иштирок этиб, тадбиркорлар билан биргаликда бозорда гўшт маҳсулотлари етказиб бериш барқарорлигини таъминлаш учун ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Тошкент шаҳар ҳокимияти озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолини арзон ҳамда сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш масалаларини доимий назоратда сақлашини билдирди.