Трамп Кремлнинг ядровий товламачилигини фош этди — The Telegraph

14:46 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга яқин ҳудудда иккита атом сувости кемаcини жойлаштириш орқали Дмитрий Медведевнинг таҳдидларига кескин жавоб қайтарди. Бу қадам Москва томонидан қилинган ядровий шантажга очиқча қарши туриш сифатида баҳоланмоқда.

Medvedev trump

The Telegraph нашрининг ёзишича, Дмитрий Медведев АҚШ талабларини «урушга етакловчи қадам» деб баҳолаб, ядровий зарба билан таҳдид қилган. Бунга жавобан Трамп томонидан юборилган атом сувости кемалари Кремлнинг «ядровий товламачилиги»ни фош қилди. Аммо Россия томони бу ҳодисага ҳозирча жим қолмоқда. Бу эса баъзи экспертлар томонидан дипломатик усул билан муаммони юмшатиш уриниши сифатида талқин қилинмоқда.

Америкалик таҳлилчилар бу қарорни ядровий стратегиядаги кескин бурилиш эмас, балки сиёсий саҳнадаги намойиш деб баҳолашмоқда. Шу билан бирга, АҚШнинг бу ҳаракати Путинга босимни кучайтириш мақсадини кўзламоқда. Чунки Трамп Ғарб томонидан келишув сари қадамлар қўйилаётганига қарамай, Путин ҳали ҳам Украинани музокаралар асосида тарк этишга тайёр эмас, деб ҳисоблайди.

Россиядаги кремлпараст пропагандасининг вакиллари Трампнинг бу қарорини «ҳаяжон» ва «беасос шовқин» сифатида танқид қилган. Бошқа томондан, Дмитрий Медведевнинг сўнгги чиқишлари жамоатчилик назарида уни маргинал сиёсий фигура сифатида кўрсатмоқда. The Insider таҳририятига кўра, Медведевнинг ижтимоий тармоқдаги энг ғалати постлари Тосканадаги вино етиштирувчи манзиллардан юборилган юкларнинг Москвага келиб тушиши ортидан кузатилган.

Унинг алкогол истеъмолига ружу қўйгани ҳақидаги миш-мишлар сўнгги ўн йилда кенг тарқалган бўлиб, бу ҳолат сўнгги вақтда кучайган ҳужумлар ва расмий тадбирлардаги уйқусираш ҳолатлари билан янада ойдинлашмоқда.

The Telegraph таҳлилчиларига кўра, Трампнинг асосий нишони Медведев эмас, Путиннинг ўзи бўлган. Чунки у сўнгги ҳаракатлари билан АҚШ президентини умидларидан маҳрум этди. Агар 8 августгача Украина масаласида жиддий ўзгариш бўлмаса, Трамп Россия иттифоқчиларига нисбатан янги санкциялар ва савдо чекловларини эълон қилишини маълум қилган.