2025 йилда дунёнинг энг йирик банклари қайсилар? — Таҳлил

19:00 | 12 дақиқада ўқилади.

2025 йилга келиб, дунё молиявий тизими чуқур ўзгаришларга юз тутди. Шу фонда дунёнинг энг йирик банклари рейтинги ҳам янгиланиб, молиявий барқарорлик, капиталлашув ҳажми ва халқаро таъсир даражаси жиҳатидан аниқ етакчилар белгиланди.

Jp morgan

Бу рейтинг банкларнинг бозор капиталлашуви (market capitalization) асосида тузилган. Бозор капиталлашуви — бу компаниянинг молиявий бозор қийматини билдиради ва қуйидаги формула асосида ҳисобланади:

Бозор капиталлашуви = Компаниянинг акциялари сони × Бир дона акция нархи

Банклар рейтингини тузишда қуйидаги мезонлар эътиборга олинади:

1. Акциядорлик қиймати (Market Value)

Бу банкнинг фонд биржаларида баҳоланиши бўлиб, инвесторлар у банкни қанча қадрлаётганини кўрсатади. Юқори капиталлашув кўпроқ ишонч, барқарор даромад, кучли молиявий кўрсаткичлар билан боғлиқ.

2. Фонд биржасида очиқ савдо (Public Listing)

Фақат фонд биржаларида очиқ савдога қўйилган, яъни инвесторлар томонидан акциялари эркин сотиб олинадиган банклар ҳисобга олинади. Кўплаб йирик давлат банклари, жумладан, Хитой банклари ҳам шу тоифага киради.

3. Доимий равишда янгиланиб турадиган маълумотлар

Бозор капиталлашуви доимий равишда ўзгариб боради — бу акциялар нархи фонд бозорида кунлик савдоларга қараб ошиб ёки камайиб боради. Рейтинг одатда охирги молиявий чорак ёки йиллик янгиланган маълумотларга асосланади (масалан, 2025 йил июл ҳолати).

4. Молиявий ҳисоботлар ва инвесторлар ишончи

Банкнинг йиллик даромади, фойдаси, активлар сифати, қарзлар миқдори, дивиденд сиёсати ва бошқарув тизими ҳам инвесторлар томонидан баҳоланади. Бу омиллар банк акцияларининг нархига, демакки, капиталлашувига бевосита таъсир қилади.

 

2025 йилнинг дастлабки ярим йиллик ҳолатига кўра, дунёдаги йирик 10 банк қуйидагилар:

 

1-ўрин. JPMorgan Chase (Ню Йорк, АҚШ)

Бозор капитализацияси: 852,66 млрд доллар

Жами активлари: 4.002 трлн доллар

Bank 01

АҚШдан чиққан энг йирик банк бўлиб, дунёда умумий активлар ҳажми бўйича бешинчи ўринда туради. Бу кучли молиявий ташкилот инвестиция банкчилиги ва бошқа молиявий хизматлар соҳасида етакчи ҳисобланади. Айниқса, банк ҳозирги кунда соҳанинг асосий иштирокчиларидан бири сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.

Эътиборлиси, АҚШ Марказий банки томонидан жорий этилган энг янги тезкор тўлов тизими — FedNow хизматини JPMorgan Chase энг биринчилардан бўлиб жорий қилган ва бугунги кунда ундан аҳоли фаол фойдаланиб келмоқда.

 

2-ўрин. Bank of America

Бозор капитализацияси: 375,43 млрд доллар

Жами активлари: 3,26 трлн доллар

Bank 02

Bank of America ҳам АҚШнинг йирик банкларидан бири бўлиб, инвестиция банкчилиги, бойликларни бошқариш ва савдо соҳаларида фаол ишлайди. Тахминан 66 млн истеъмолчи ва кичик бизнес мижозларига хизмат кўрсатади. Бу банк ўзининг кенг кўламли молиявий хизматлари билан мижозлар орасида катта ишончга эга.

 

3-ўрин. Industrial and Commercial Bank of China (ICBC)

Бозор капитализацияси: 330,56 млрд доллар

Жами активлари: 6,69 трлн доллар

Bank 03

ICBC — нафақат Хитой, балки бутун дунё бўйича энг йирик банклардан биридир. Бу банк умумий активлар ҳажми бўйича глобал миқёсда етакчилик қилади. Халқаро молия майдонида ICBC ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб, Bank of America каби йирик молиявий институтлар билан бир қаторда ҳар доим энг илғорлар сафида бўлиб келмоқда.

 

4-ўрин. Хитой Қишлоқ хўжалиги банки (Agricultural Bank of China)

Бозор капитализацияси: 291,13 млрд доллар

Жами активлари: 5,92 трлн доллар

Bank 04

Бу банк дунёда активлари бўйича учинчи ўринда туради ва айниқса Хитойнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Қишлоқ ҳудудларида молиявий хизматлар кўрсатиш, деҳқончилик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда банк катта ҳисса қўшмоқда.

 

 

5-ўрин. Хитой қурилиш банки (China Construction Bank CCB)

Бозор капитализацияси: 281,74 млрд доллар

Жами активлари: 5,56 триллион доллар

Bank 06

Хитой қурилиш банки дунёдаги энг йирик банклардан бири бўлиб, молиявий салоҳияти жиҳатидан иккинчи ўринда туради. Банк Хитойда қурилиш, инфратузилма ва уй-жой бозорини молиялаштиришда муҳим рол ўйнайди. У катта миқдордаги инвестициялар билан мамлакат иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшмоқда.

 

6-ўрин. Wells Fargo (Калифорния, АҚШ)

Бозор капитализацияси: 234,41 млрд доллар

Жами активлари: 1,92 трлн доллар

Bank 05

Wells Fargo — АҚШдаги энг йирик ва танилган молиявий муассасалардан бири бўлиб, ҳозирда 35 га яқин мамлакатда ўз хизматларини таклиф қилади. Банк АҚШнинг янги тезкор тўлов тизими — FedNowни жорий этишда фаол иштирок этмоқда. JPMorgan билан ҳамкорликда ишлаш баробарида, яна 33 та банк ва кредит уюшмалари билан биргаликда бу тизимни амалиётга жорий қилмоқда.

 

7-ўрин. Хитой банки (Bank of China)

Бозор капитализацияси: 239,30 млрд доллар

Жами активлари: 4,80 триллион доллар

Bank 07

Bank of China — дунёдаги энг йирик банклардан бири бўлиб, активлар ҳажми бўйича тўртинчи ўринда туради. Хитойнинг энг қадимги молиявий муассасаларидан бири сифатида, у узоқ тарихга эга ва халқаро молия соҳасида катта обрўга эга.

 

8-ўрин. Morgan Stanley (Ню Йорк, АҚШ)

Бозор капитализацияси: 235,71 млрд доллар

Жами активлари: 1,22 трлн доллар

Bank 09

Morgan Stanley — АҚШдаги машҳур инвестиция банкларидан бири бўлиб, молиявий хизматлар кўрсатишга ихтисослашган. Банк яқинда Япониянинг Mitsubishi UFJ Financial компанияси билан 15 йиллик стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш режасини эълон қилди. Бу иттифоқ орқали улар молиявий бозорларнинг турли йўналишларида ҳамкорликни кучайтирмоқчи.

 

9-ўрин. HSBC (Hongkong and Shanghai Banking Corporation, Лондон, Англия)

Бозор капитализацияси: 211,30 млрд доллар

Жами активлари: 3,02 трлн доллар

Bank 08

Бош офиси Буюк Британияда жойлашган HSBC — глобал миқёсдаги йирик банклардан бири. Бутун дунё бўйлаб миллионлаб мижозларга хизмат кўрсатади ва халқаро молиявий хизматлар соҳасида муҳим ўринга эга.

 

 

10-ўрин. Ҳамдўстлик банки (Commonwealth Bank of Australia — CBA)

Бозор капитализацияси: 197,80 млрд доллар

Жами активлари: 839,35 миллиард доллар

Bank 10

Сидней шаҳрида жойлашган Ҳамдўстлик банки — Австралиянинг энг йирик молиявий муассасаларидан бири ҳисобланади. 1911 йилда ташкил этилган ушбу банк бугунги кунга келиб чакана савдо, бизнес, бойликларни бошқариш, пенсия жамғармалари ва суғурта хизматларини кўрсатадиган йирик халқаро банкка айланган.

CBA бутун Австралия бўйлаб миллионлаб мижозларга хизмат кўрсатади ва Янги Зеландия ҳамда Осиёнинг айрим ҳудудларида ҳам фаолият юритади.

Меҳриноза Фармонова тайёрлади.