Алиевнинг собиқ куёвига имтиёз, сунъий интеллект берган 2,9 млрд сўм ва Тошкентга келаётган президентлар — 4 август дайжести

22:30 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

dayjest

Ўзбекистон АҚШдан пахта импорт қилишни йўлга қўймоқда

Ўзбекистон Америка Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Пахта ассоциацияси билан АҚШ пахтасини импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Келишувлар GSM-102 дастури доирасида амалга оширилиши кутилмоқда — бу орқали Ўзбекистон экспорт кредитларини кафолатланган ҳолда олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, «Made from U.S. Cotton» ташаббуси ва кредит лимитини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Гарчанд Ўзбекистон пахта етиштирувчи давлат бўлса-да, бу импорт жараёни ички бозорда юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган трансформация билан боғлиқ. Хусусан, тиббий ва премиум тўқимачилик сегментларида Америка пахтаси халқаро эътирофга эга бўлиб, Ўзбекистон уни қайта ишлаб, глобал бозорларга экспорт қилишни режалаштирмоқда. Тўқимачилик саноатининг ўсиши импорт талабини оширмоқда ва бу стратегик хомашёни молиялаштиришда янги имкониятларни яратади.

 

Сунъий интеллект Ўзбекистонга 2,9 млрд сўм солиқ тўлади

2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатган 72 та хорижий компания 78,2 млрд сўм солиқ тўлади. Солиқларнинг асосий қисми йирик IT-гигантлар ҳиссасига тўғри келиб, Meta 22,6 млрд, Apple 22,1 млрд, Google эса 19,4 млрд сўм тўлов билан етакчи бўлди. Шунингдек, OpenAI компанияси ҳам 2,9 млрд сўм миқдорида солиқ тўлагани билан ажралиб турди.

Маълумотларга кўра, солиқ тўловларининг 94 фоизи фақатгина 10 та йирик компания ҳиссасига тўғри келган. Бу ҳолат рақамли хизматлар бозорида шаффофликни таъминлаш ва давлат бюджетига тушумларни кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон қонунчилигига кўра, электрон хизмат кўрсатувчи хорижий юрисдикциялар ҳар чоракдан сўнг белгиланган муддатда солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.

 

«Sea Breeze Uzbekistan» солиқ ва божхона имтиёзларига эга бўлади

«Sea Breeze Uzbekistan» Чорвоқ туристик-рекреацион зонаси доирасида эркин иқтисодий зона мақомини олди ва энди солиқ ҳамда божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Компания мол-мулк ва ер солиғи, сув ресурслари учун солиқдан озод қилинади, четдан келтириладиган қурилиш материаллари ва ускуналар эса божсиз олиб кирилади. Бу лойиҳани амалга оширишда қўшимча харажатларни камайтириш ва инфратузилмани тезкор қуриш имконини беради.

Лойиҳа асосчиси Эмин Агаларов АҚШ ва Швейцарияда таълим олган бўлиб, 2006 йилда Озарбайжоннинг амалдаги президенти Илҳом Алиевнинг қизи Лейла Алиевага уйланган эди. Никоҳ 2015 йилда бекор қилинган бўлса-да, Озарбайжон раҳбарияти билан яқин алоқалар ва халқаро бизнесга чиқиш имконияти Агаларовнинг минтақадаги таъсирининг асосий омилларидан бўлиб қолмоқда.

 

Самарқандда 12 миллион долларлик «транспорт дарвозаси» очилди

Самарқандда умумий қиймати 12 миллион долларга тенг бўлган янги замонавий автовокзал иш бошлади. Чўпон-ота ҳудудида қурилган мажмуа 100 та автобус, 150 та микроавтобус ва 300 та енгил машинага мўлжалланган. У орқали ҳозирда Тошкент ва Жиззах йўналишларида автобус қатновлари амалга оширилаётган бўлса, бошқа вилоятлар — Бухоро, Навоий, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарёга кетувчи рейслар ҳам шу ердан йўлга чиқмоқда.

Транспорт вазирлигига кўра, янги автовокзал Самарқанднинг логистика ва транспорт салоҳиятини мустаҳкамлашда муҳим қадам ҳисобланади. Шунингдек, лойиҳа доирасида 300 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Мазкур марказ фақат шаҳар аҳолисига эмас, балки минтақалараро қатновларни такомиллаштиришга ҳам хизмат қилади.

 

Тошкентда Марказий Осиё давлатлари президентлари йиғилмоқчи

Жорий йил кузда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви ўтказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашувида маълум бўлди.

Президент матбуот хизматига кўра, бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, қатор маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг анъанавий маслаҳат учрашувини доимий ўтказиб бориш таклифини 2017 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясидаги маърузасида илгари сурган эди. Биринчи саммит 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўтказилган.