Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026–2028 йил учун фискал стратегияга кўра, 4 та банкни хусусийлаштириш кечиктирилиши маълум қилинган эди. Бунда «Ўзсаноатқурилиш»ни хусусийлаштириш 2025–2026 йилларда амалга оширилиши кутилса, «Асакабанк», «Алоқабанк» ва «Туронбанк» эса 2026–2027 йилгача кечикади.
Бу ҳолат биринчи марта содир бўлгани йўқ. Хусусан, Президент шу йил 27 декабр куни бир нечта давлат банкларини хусусийлаштиришнинг сўнгги муддатларини узайтиришни назарда тутувчи фармонни имзолаганди. Унда «Асакбанк», «Ўзсаноатқурилишбанк» (SQB) ва «Алоқабанк»даги давлат улушларини сотиш муддатлари 2025 йилга кўчирилган, аммо бу муддат яна узайтирилди.
Дастлаб, мамлакатдаги йирик банклардан бири ҳисобланган «Ўзсаноатқурилишбанк»даги барча давлат улушини 2022 йил охиригача, кейинчалик эса 2023 йил охиригача савдога чиқариш режалаштирилганди. Шунингдек, 2024 йил охиригача хусусийлаштириш орқали банкдаги давлат улушини 50 фоиздан камайтиришга қарор қилинди, бироқ амалга ошмади.
«Асакабанк» хусусийлаштириш муддати эса 2023 йил охиридан 2025 йил охиригача сурилгани хабар қилинганди. 2024 йил май ойида Президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан «Асака Банк»ни хусусийлаштириш бўйича келишув имзоланганини маълум қилгaнди.
Айни пайтда «Асакабанк» Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига (71,09 фоиз), Иқтисодиёт ва молия вазирлигига (28,17 фоиз), Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига (0,59 фоиз), «Ўзавтосаноат»га (0,08 фоиз), «Ўзагросуғурта»га (0,06 фоиз) ва «Ўзбекинвест»га (0,01 фоиз) тегишли.
«Аввал ҳам кўп бора айтганимиздек, йирик давлат банкларини хусусийлаштириш бўйича жиддий мақсад йўқ ўзи. Ахир давлат банкалари ҳукумат қўлидаги дастёрку. 2025 йилда уларнинг дастёрлик функциялари янада кучайди, яъни давлат банклари банкчиликдан янада узоқлашди, демакки уларнинг сифати янада пасайди ва нархи янада арзонлашди», — деб иқтисодчи Отабек Бакиров муносабат билдирди.
Шунингдек, 2025 йил 1 январгача (аввал 2023 йил 1 июлгача эди) фонд биржасида «Алоқабанк» учун IPO ўтказиш режалаштирилганди. Ҳозирда банк улушларининг 53,8 фоизи Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, 19,18 фоизи «Ўзбектелеком», 5,49 фоизи Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси, 3,76 фоизи Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, 1,83 фоизи «Электромагнит мослашув маркази»га тегишли.
Иқтисодчи Бакиров эса «Алоқабанк» ҳақида ўз блогида қуйидагича ёзган:
«Pўйхатда бир истисно бор. Бу нисбатан кичик ва мобилроқ «Алоқабанк». «Алоқабанк» капиталида маҳаллий инвесторлар ўтган йили охирида пайдо бўлган. Маҳаллий инвесторлар «Алоқабанк»даги ўз улушини оширишда давом этишмоқда ҳам (албатта, давлат 1 сўмдан сотиб олган акциялар иккиламчи бозорда 2,5 карра арзон сотилиши саволли, савол — ўзи 40 тийинлик акцияни 1 сўмдан олаётган давлат органларига). Ҳаммаси рисоладагидек кетса, кейинги йилга «Алоқабанк»нинг назорат пакети хусусий қўлларга ўтиб қолса керак. Балки худди шу тақдирни, бегона қилинмай, яна бир кичик банк — «Туронбанк» ҳам такрорлайди (капитали кичик, номиналидан 2–3 карра арзон олиш мумкин)».
Шу ўринда, Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонга давлат банкларини хусусийлаштириш ва давлат молиявий ёрдамини шаффоф кредит платформалари, кафолат ва субсидиялар каби бозорга асосланган механизмларга ўтишни тавсия қилган. Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган баҳолаш дастурига кўра, банклар мураккаб вазиятларда сезиларли даражада қайта капиталлаштириш талаб этилиши кутилмоқда.
Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.