Фарғонада фуқаро экстремистик тарғибот учун 6 йилга қамалди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи шахс интернет орқали ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиб, Суриядаги халқаро террористик ташкилот вакили билан алоқа ўрнатгани учун суд томонидан 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Dxx

Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро 2021 йилдан бошлаб интернет орқали экстремистик ғояларни тарқатиб келган. У Telegram мессенжерида махсус канал очиб, унда ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган материалларни эълон қилган ва унинг 9 нафар обуначисига мунтазам равишда тарқатган.

Бундан ташқари, у Instagram орқали Сурияда фаолият олиб бораётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террористик ташкилотининг инструктори ва медиа тарғиботчиси билан боғланган. Ушбу шахснинг таъсирида жиҳодга бориш тартиби ва тайёргарлик жараёнлари ҳақида аудио ва ёзма хабарлар орқали мулоқот қилган.

Суд ҳужжатларида қайд этилишича, айбланувчи яқин танишлари ва собиқ синфдошлари орасида «жамоат» тузиб, уларни ҳам Сурияга «ҳижрат» қилиб, террорчи гуруҳлар сафига қўшилишга чақирган.

Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида унинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фурқат туман суди ҳукмига кўра, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244¹-моддаси 3-қисми «г» банди ва 244²-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятлар бўйича айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.