Malwarebytes киберхавфсизлик компанияси олиб борган глобал сўровда АҚШ, Буюк Британия, Австрия, Германия ва Швейцариядан 1300 киши қатнашди. Улардан аниқланишича, iPhone эгалари хавфсизлик дастурларидан кам фойдаланади, паролларни кўп ҳолларда қайта ишлатади ва шубҳали онлайн дўконлардан харид қилади. Мутахассислар бу ҳолатни Apple қурилмаларининг хавфсизлик хусусиятларига ҳаддан ташқари ишониш билан изоҳлайди.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, iPhone фойдаланувчиларининг 53 фоизи, Android эгаларида эса 48 фоизи фирибгарлик қурбони бўлган. Шу билан бирга, Android фойдаланувчиларининг 29 фоизи мобил хавфсизлик дастурларидан фойдаланса, iPhone эгаларида бу кўрсаткич атиги 21 фоизни ташкил қилади. Паролларнинг уникаллигини таъминлашда ҳам Android фойдаланувчилари устун – 41 фоизга нисбатан iPhone эгалари орасида бу кўрсаткич 35 фоиз.
Яна бир муҳим жиҳат – iPhone фойдаланувчиларининг 47 фоизи энг арзон нарх таклиф қилган шубҳали савдо манбалари орқали харид қилган. Android фойдаланувчилари орасида бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этган. Шунингдек, iPhone эгалари ижтимоий тармоқларда тўғридан-тўғри хабар ёзиб, чегирма олиш учун савдогарлар билан алоқага чиқишга кўпроқ мойил.
Malwarebytes маҳсулотлар бўйича вице-президенти Майкл Шервуд таъкидлаганидек, мобил қурилмалар фирибгарлик ва киберҳужумлар учун йирик эшик ҳисобланади. Шу боис ҳар бир фойдаланувчи матнли хабарлардан тортиб, электрон хатлардаги ҳаволаларгача эҳтиёткорлик билан ёндошиши зарур. Компания яқинда Scam Guard номли сунъий интеллект асосида ишлайдиган ҳимоя воситасини ишга туширди. У шубҳали контентни аниқлаб, фойдаланувчига реал вақтда хавф ҳақида маълумот ва тавсиялар беради.