Иқтисодчи пойтахтда нега гўшт арзонлашганини айтди

21:00 | 4 дақиқада ўқилади.

«Энди бу воситани фақат раҳбарлар кўзи учун витринага айланган ва бой Тошкентда эмас, камбағал ва қимматчилик туфайли кам гўшт ейдиган ҳудудларда, масалан, Фарғона водийси туманларида ҳам амалга ошириш керак», — дейди Отабек Бакиров.

BakirovФото:daryo.uz

Тошкент шаҳрида арзонлаштирилган гўшт интервенцияси гўшт бозорида нархларнинг тушишига сабаб бўлди. Бу ҳақда иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров ёзмоқда.

Қайд этилишича, 3 август куни пойтахтда жами 21,8 тонна арзон гўшт сотилган — бу умумий сотувнинг 27,6 фоизини ташкил этади.

Энг кўп арзон гўшт Эски Жўва (6 тонна) ва Фарҳод (5,6 тонна) бозорларида сотувга чиқарилган. Шаҳар маъмурияти маълумотига кўра, маҳаллий мол гўшти 85 минг сўмдан, импорт мол гўшти 70 минг сўмдан, маҳаллий қўй гўшти 90 минг сўмдан ва музлатилган гўшт 65 минг сўмдан таклиф этилмоқда. Гўшт сифати ва навлари ҳақида аниқ маълумот берилмаган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг кунлик маълумотига кўра, интервенция фонида тижорий бозордаги нархларда ҳам пасайиш кузатилмоқда. Мол гўшти 73–98 минг сўмдан 72–96 минг сўмга тушган, импорт совутилган мол гўшти эса 93–95 минг сўмдан 92–93 минг сўмгача арзонлашган. Қўй гўштида ўзгариш кузатилмаган.

Мутахассис Отабек Бакиров фикрича, гўшт интервенцияси нархни чеклашга нисбатан самарали ва бозорга мос восита ҳисобланади. Аммо бу механизмни фақат Тошкентда эмас, балки гўшт энг қиммат бўлган Фарғона водийси каби аҳоли кам гўшт истеъмол қиладиган ҳудудларда ҳам жорий этиш зарур. Бакиров таъкидлашича, Ўзбекистонда гўшт нархи охирги бир йилда 32,9%гача ошган.

«Гўшт нархини чеклашдан кўра, гўшт интервенцияси (ёки пастлаб кетганда гўшт хариди) самарали ва бозор воситаси ҳисобланади. Энди бу воситани фақат раҳбарлар кўзи учун витринага айланган ва бой Тошкентда эмас, камбағал ва қимматчилик туфайли кам гўшт ейдиган ҳудудларда, масалан, Фарғона водийси туманларида ҳам амалга ошириш керак», — дейди у.