«Миллий сертификатлар, қандайдир имтиёзлар ўз йўлига, аммо айнан давлат имтиҳонига кириб, тестларни амалда бажарган ҳолда 189 баллни қўлга киритиш осон эмас. Бунинг ортида қандай меҳнат туришини абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва устозлари яхши билишади, кўпроқ ҳис қилишади»,— деб ёзмоқда журналист Руслан Сабуров ўз Facebook саҳифасида.
Шунингдек, 17-мактабдан 4 нафар, 16 ва 12-мактабдан 3 нафардан, 8 ва 19-мактабдан 2 нафардан, 1-, 6-, 7- ва 15-мактаблардан 1 нафардан битирувчи максимал баллга эришган.
Навоий вилояти бўйича эса бундай натижага жами 71 нафар ўқувчи эришган. Бу ўтган ўқув йилидаги кўрсаткичга (40 нафар) нисбатан 77,5 фоизга кўпдир. Мутасаддилар фикрича, бу ўсиш таълим сифати яхшиланганидан далолат беради.
Жорий йилги давлат тест синовларида жами 826 нафар абитуриент энг юқори — 189 балл тўплашга муваффақ бўлган. Энг кўп максимал балл биология ва кимё фанлари мажмуаси бўйича қайд этилди — 259 нафар абитуриент, асосан тиббиёт йўналишига киради. Иккинчи ўринда инглиз тили ва она тили фанлари мажмуаси (234 нафар) турибди.
Шунингдек, тарих + чет тили (146 нафар), математика + чет тили (139 нафар), давлат ва ҳуқуқ асослари + чет тили (26 нафар), она тили ва адабиёт + чет тили (16 нафар), математика + физика (5 нафар) ва физика + математика (1 нафар) йўналишларида ҳам максимал натижалар қайд этилган.
«Бу шубҳасиз, рекорд натижа. Ҳатто бункерлар гуллаб-яшнаб, абитуриентлар ўрнига профессионал устозлар тестларни ечиб берган даврларда ҳам максимал балл олганлар сони бунчалар кўп бўлмаганди, адашмасам. Ёшларимизга қойил! Албатта, максимал балл тўплашда халқаро ва миллий сертификатларнинг тан олиниши ҳам катта роль ўйнамоқда. Аммо сертификатни ҳам ашула айтгани ёки рақс тушгани учун эмас, билими борлиги учун беришади. Яъни сертификати бор абитуриентда етарли даражада билим бор дегани. Бу мени жуда хурсанд қилади. Яна бир бор илмга чанқоқ ёшларимизга қойил!»— дейди ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев.
Рухсора Жовлиева