Икки томон ҳам кредит лимитини ошириш ва «Made from U.S. Cotton» ташаббусини ишга тушириш масаласини муҳокама қилмоқда.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси АҚШга ташрифи чоғида миллий маҳсулотларни тарғиб қилиш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашувлар ўтказди. Улар орасида АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Пахта ассоциацияси билан музокаралар муҳим ўрин тутди.
Бир қарашда, пахта экспортёри бўлган мамлакатнинг уни импорт қилиши парадокс каби туюлиши мумкин. Аммо бу — соҳанинг тубдан трансформацияси билан боғлиқ. Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилда Ўзбекистон пахта экспортни тўхтатганини ва бутун ҳосилни ички бозорда қайта ишлашга йўналтирганини маълум қилган. Пахта-тўқимачилик кластерлари орқали юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот экспортига ўтиш жараёни кетмоқда.
Шу билан бирга, айрим сегментларда — хусусан, премиум даражадаги кийим-кечак ва тиббий тўқимачиликда — америкалик пахта халқаро миқёсда юқори ишонч сертификатига эга. Шу боис Ўзбекистон уни импорт қилиб, қайта ишлаб, глобал бозорларга «Made from U.S. Cotton» белгиси остида экспорт қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
GSM-102 дастури эса мамлакатимизда узоқ муддатли ва арзон валюта кредитларига етиш қийин бўлган шароитда стратегик хомашё импортини молиялаштиришнинг қулай механизми ҳисобланади. Ўзбекистонда тўқимачилик саноати тез суръатлар билан ўсиб бораётгани учун импорт пахтага талаб ҳам ортиб бормоқда. Бу ҳам иқтисодий, ҳам экспорт салоҳиятини ошириш учун муҳим қадам бўлиши мумкин.