Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари июлда энергиянинг 17 фоизини ишлаб чиқарди

16:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда июль ойида қуёш ва шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори биринчи марта 1,2 млрд kWhʼдан ошди. Бу умумий генерациянинг 17 фоизини ташкил этиб, миллий энергетикада янги рекорд сифатида қайд этилди.

Shes fes

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йил июл ойида қуёш ва шамол манбаларидан умумий 1 млрд 246 млн kWh электр энергияси олинди. Бу мамлакатда «яшил энергия» салоҳияти ортиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади. Янги кўрсаткич ўтган ойларда қайд этилган натижалардан анча юқори бўлди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ва 4 та шамол электр станцияси ишлаб турибди. Улар жами 4 119 MW қувватга эга бўлиб, «яшил энергия» ишлаб чиқаришда асосий улушни ташкил этмоқда. Июль ойида қуёш станциялари 760,9 млн kWh, шамол станциялари эса 485,4 млн kWh энергия ишлаб чиқарган.

Бу кўрсаткичлар туфайли мамлакат 377,5 млн метр куб табиий газни тежади ҳамда 1 млн 120 минг тонна зарарли чиқиндиларни ҳавога чиқишининг олдини олди. 2022 йилда фақат икки станция орқали 434 млн kWh энергия ишлаб чиқарилганини ҳисобга олсак, сўнгги икки йилда улкан ўсиш кузатилмоқда.

Шунингдек, июль ойи давомида барча қуёш, шамол ва ГЭСлар умумий 2 млрд 89 млн kWh энергия ишлаб чиқарди. Бу умумий электр генерациясининг 27 фоизига тенг бўлиб, 633 млн метр куб газни тежашга ҳамда 1 млн 880 минг тонна зарарли газларнинг чиқишини олдини олишга хизмат қилди.

Энергетика вазирлиги маълум қилишича, 2 август ҳолатига кўра, 2025 йил бошидан бери қуёш ва шамол станциялари орқали 6 млрд kWhʼдан ортиқ энергия ишлаб чиқарилган. Бу кўрсаткич 870 минг хонадоннинг бир йиллик электр эҳтиёжига тенгдир.