Ўзбекистонда вақтинчалик дўконлар ягона услубда қурилади, ноқонунийлари бузиб ташланади

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда вақтинчалик савдо иншоотлари учун ягона архитектура стандарти жорий этилади. 2025 йил 1 октябрдан бошлаб ердан ноқонуний фойдаланаётган тадбиркорлар фаолияти тўхтатилади ёки қурилмалар бузилади.

Navoiy ko'chasi

Ўзбекистон ҳукумати 2025 йил 31 июлдаги 478-сон қарори билан мамлакатда вақтинчалик савдо иншоотларини тартибга солиш бўйича янги режани тасдиқлади. Унга кўра, мавжуд кичик архитектура шакллари ва кўча савдоси ҳолати тўлиқ қайта кўриб чиқилади ҳамда ноқонуний қурилган объектлар аниқланади, деб хабар бермоқда UzA.

Инспекция икки босқичда амалга оширилади: 1 сентябргача шаҳар ва туманлар марказий кўчаларидаги, 1 октябргача эса қолган ҳудудлардаги объектлар текширилади. Шу муддатдан бошлаб, ердан ҳуқуқий асоссиз фойдаланаётган тадбиркорлар фаолиятини тўхтатиш ёки расмийлаштиришга мажбур бўлади.

Энг муҳим янгиликлардан бири — 2026 йил 1 февралгача ишлаб чиқиладиган «дизайн-код» бўлади. Унда вақтинчалик дўконлар, павилйонлар ва бошқа иншоотлар учун ташқи кўриниш, шаҳар архитектурасига мослик, пиёдаларга қулайлик, санитария ва ёнғин хавфсизлигига оид талаблар белгиланади.

Дизайн-код тасдиқлангунига қадар, расмий ижара шартномаси тузилган объектларда ҳеч қандай ўзгартиш ва қайта қуришга рухсат берилмайди. Агар тадбиркорлар бу талабларга риоя этмаса, бундай объектлар белгиланган тартибда бузилади ҳамда янги шартнома тузилиши мумкин бўлмайди.

Бундан ташқари, 2025 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлар ўзларига тегишли биноларга туташ ерларда мавсумий савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун пуллик ижара асосида ердан фойдаланиши мумкин бўлади. Лекин соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим муассасаларига тегишли ерларда бу амалиётга йўл қўйилмайди.

Мазкур чоралар шаҳарларнинг архитектура кўринишини яхшилаш, хавфсизликни таъминлаш ҳамда тадбиркорликни тартибга солишга қаратилган. Ҳукумат фикрига кўра, ортиқча қурилмалар ва беўхшов дўконлар тижорат фаолиятининг самарадорлигига ҳам таъсир қилмоқда.