Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Бахтиёр Ибрагимов Қозоғистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дўйсенбиев билан учрашди. Учрашув чоғида икки давлат ўртасидаги савдо инфратузилмаси ва маҳсулот транзитига оид масалалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди.
Томонлар Ғишткўприк – Жибек Жоли ҳамда Давут-ота – Тажен чегара пунктларини замонавийлаштириш ишларини жадаллаштиришга келишиб олган. Ушбу режалар савдо ҳажмини ошириш, чегара орқали ўтувчанликни яхшилаш ва туристик оқимни кўпайтиришни кўзлайди.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида қурилаётган Халқаро саноат кооперацияси маркази яқинидаги Сирдарё – Атамекен чегара пунктида янги инфратузилма яратиш бўйича лойиҳаларга ҳам эътибор қаратилган.
Ушбу ташаббуслар доирасида тез бузиладиган маҳсулотларнинг чегара орқали ҳаракатини енгиллаштириш учун «яшил йўлак» тизимини жорий этиш масаласи муҳокама қилинган.