Қурилиш объектларига QR кодли паспорт жорий этилади

09:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда барча рўйхатдан ўтган қурилиш объектларида QR кодли паспорт мажбурий тарзда ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Унда объект ҳақидаги асосий маълумотлар жамоатчилик учун очиқ тақдим этилади.

Qurilish maydoni

Ўзбекистонда қурилиш объектларига QR кодли паспорт жорий этиш тартиби белгиланган низом лойиҳаси эълон қилинди. Ушбу талаблар давлат сирига оид объектлардан ташқари, ҳудудий назорат инспекцияларида рўйхатдан ўтган барча қурилиш объектларига татбиқ этилади.

Низомга кўра, QR кодли паспорт объект рўйхатдан ўтган куниёқ буюртмачи томонидан объектнинг кириш қисми ёки ҳамма кўра оладиган жойга ўрнатилади. Паспорт буюртмачи ҳисобидан тайёрланади ва унда объект номи ва манзили, буюртмачи, лойиҳа ва пудрат ташкилотлари ҳақида маълумотлар, назоратчиларнинг Ф.И.Ш. ва хизмат телефонлари, қурилиш муддати, умумий кўриниш, бош тарх ва қирқимлар, шунингдек «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимига ҳавола берувчи QR код акс этади.

QR кодли паспорт қурилиш тугалланиб, объект фойдаланишга топширилгунга қадар амалда бўлиши шарт. Паспорт намлик ва ташқи таъсирларга чидамли материалдан тайёрланиб, 2400х1200 мм ўлчамда ва ер сатҳидан камида 1 метр баландликда ўрнатилиши лозим.

Барча маълумотлар «Ўзбекистон давлат тили тўғрисида»ги қонунга мувофиқ давлат тилида берилади. Агар паспорт ташқи таъсирлардан ёки бошқа сабаблардан ёрдамсиз ҳолатга келса, уни янгилаш ва қайта тиклаш буюртмачи зиммасига юкланади.

Ушбу янгилик қурилиш жараёни шаффофлигини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган.