Янги автовокзал Самарқанд шаҳрининг Чўпон-ота ҳудудида қурилган бўлиб, умумий қиймати 12 миллион АҚШ долларини ташкил этади. У бир вақтнинг ўзида юзлаб транспорт воситаларини қабул қила олади. Ҳозирда мазкур мажмуа орқали Тошкент ва Жиззах йўналишларида автобус қатновлари йўлга қўйилган.
Шунингдек, Тошкентдан Бухоро, Навоий, Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларига ҳаракатланаётган автобуслар ҳам айнан шу марказ орқали хизмат кўрсатишни бошлади.
«Янги автовокзал очилиши Самарқанднинг логистика ва транспорт салоҳиятини ошириш, аҳоли учун қулай ва самарали ҳаракатланиш имкониятларини яратиш йўлида муҳим қадам бўлди», дейилади Транспорт вазирлиги хабарида.
Янги автовокзалнинг ишга туширилиши натижасида 300 нафар аҳоли учун доимий иш ўрни яратилган.