«Sea Breeze Uzbekistan» солиқ ва божхона имтиёзларига эга бўлади

17:40 | 3 дақиқада ўқилади.

«Sea Breeze Uzbekistan» Чорвоқ туристик-рекреацион зонаси иштирокчиси сифатида эркин иқтисодий зона мақомини олди. Бу унга Ўзбекистондаги махсус иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунларга мувофиқ барча солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради.

See breeze

Мазкур мақомга кўра, компания мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ҳамда сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилинади. Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган қурилиш материаллари ва технологик ускуналар, инвестиция битими доирасида олиб кириладиган хом ашё, материаллар ва бутловчи қисмлар божхона тўловларидан ҳам озод этилади.

Лойиҳа амалга оширилиши давомида «Sea Breeze Uzbekistan» четдан олиб кириладиган ускуналар ва қурилиш материаллари учун қўшимча харажат қилмайди. Бу эса Чорвоқ ҳудудида йирик туристик инфратузилма қурилишини тезлаштириши ва сармоя миқдорини сезиларли даражада қисқартириши кутилмоқда.

«Sea Breeze Uzbekistan» — Чорвоқда замонавий дам олиш масканини барпо этишни кўзда тутган йирик туристик-меҳмонхона лойиҳаси бўлиб, у фақат ички эмас, балки халқаро сайёҳларни жалб қилишни ҳам мақсад қилган. Лойиҳа амалга оширилганда ҳудудда меҳмонхона, виллалар, ресторанлар, савдо ва кўнгилочар объектлар, шунингдек, спорт ва сув-саёҳат инфратузилмаси пайдо бўлиши режалаштирилган.

Маҳаллий мутахассислар фикрича, бундай имтиёзлар лойиҳани амалга ошириш жараёнини молиявий жиҳатдан енгиллаштириб, Чорвоқ туристик ҳудудини жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

Аввлроқ, Вазирлар Маҳкамасининг «Sea Breeze Uzbekistan» умуммавсумий курорт мажмуасини барпо этиш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳақида ёзган эдик.