Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 31 июлдаги 478-сонли қарорида қайд этилган.
Ушбу қарор тадбиркорларга ердан фойдаланиш имкониятини соддалаштириш, рухсат бериш жараёнидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишни мақсад қилган. Энди бинолар ёки иншоотларга туташ ерлар, шу жумладан давлат органлари ихтиёридаги ерлар ҳам (аммо таълим ва тиббиёт муассасалари бундан мустасно) тадбиркорларга бир йиллик давр учун ижарага берилади.
Ижара жараёни аукционсиз, яъни бевосита шартнома тузиш асосида амалга оширилади. Ижара нархи ер солиғининг 3 бараваригача этиб белгиланиши мумкин. Барча шартномалар Давлат солиқ қўмитаси назоратидаги электрон тизим орқали расмийлаштирилади.
Қарорда шаҳарсозлик тартибини сақлаш учун аниқ қоидалар ҳам белгиланган. Барча объектлар тасдиқланган схемалар ва архитектура дизайн-кодлар асосида жойлаштирилади. Капитал қурилиш ёки ташқи кўринишни ўзгартириш қатъиян ман этилган. Талабларга риоя қилинмаган тақдирда, объект бузиб ташланади ва шартнома бекор қилинади.
Ҳокимликлар 1 октябрга қадар ноқонуний равишда жойлаштирилган объектларни инвентаризация қилиб, уларни қонунийлаштириш ёки ерни бўшатиш чораларини кўришлари керак. Барча тасдиқланган жойлашув схемалари ва дизайн талаблари расмий веб-сайтларда эълон қилинади.
Янги тартиб орқали маҳаллаларда ва шаҳар кўчаларида тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, яширин ижарага барҳам бериш, шаҳарлар кўринишини яхшилаш ва маҳаллий бюджет тушумларини ошириш мақсад қилинган. Шу билан бирга, ижара шартномаси ерни мулк сифатида расмийлаштириш ҳуқуқини бермайди ва капитал қурилишга рухсат этилмайди.