«TBC Bank» «Billz» платформасини сотиб олмоқда

12:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Рақобат қўмитаси Буюк Британияда рўйхатдан ўтган «TBC Bank Group PLC» компаниясининг «Billz» платформасига эгалик қилувчи «Shoppe Group» МЧЖ ХК улушини сотиб олиш бўйича аризасини кўриб чиқди. Битимга кўра, «TBC Bank Group PLC» компанияси «Shoppe Group»нинг 46,67 фоиз улушига эга бўлади.

Tbc bank

«TBC Bank Group PLC» — ҳолдинг компанияси бўлиб, унга билвосита «TBC Bank» АТБ ҳамда онлайн тўлов тизимини тақдим этувчи «Payme» АЖ тегишли. «Shoppe Group» эса «Billz» бренди остида савдо ва товарлар ҳисобини юритиш, бошқариш, электрон тижорат орқали онлайн хизматлар кўрсатувчи рақамли платформа оператори ҳисобланади.

Қўмита Махсус комиссияси таҳлиллари натижасида битимга олдиндан розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Шу билан бирга, рақобатни таъминлаш мақсадида бир қатор талаблар қўйилди.

Жумладан, «Billz» платформаси фойдаланувчиларига, жумладан «TBC Bank» ва «Payme» билан рақобатлашувчи субъектларга хизмат кўрсатиш шартларига асоссиз таъсир кўрсатиш тақиқланади. Шунингдек, «Billz» орқали тўпланадиган маълумотлар рақобатни чеклаш ёки бозор мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланилиши ёки ошкор этилиши мумкин эмас.

Шу билан бирга, Рақобат тўғрисидаги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сон қарори талабларига тўлиқ риоя этилиши шарт. Битим иштирокчилари ушбу талабларга амал қилиши мажбурий ҳисобланади.