Президент матбуот хизматига кўра, бўлажак олий даражадаги учрашувларга тайёргарлик доирасида ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишлари, Ишбилармонлар кенгаши, Ҳудудлар форуми, қатор маданий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. суҳбат давомида БМТ конференцияси кун тартиби ҳамда жорий йил кузда Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви юзасидан атрофлича фикр алмашилган.
Шунингдек, жорий йил апрел ойида Самарқанд шаҳрида ўтган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Дўстлик, ўзаро ишонч ва умумий манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган кўп қиррали ҳамкорлик суръати ортиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган.
«Барча даражаларда самарали ва фаол мулоқотлар давом этмоқда. Йил бошидан буён товар айирбошлаш 600 миллион долларни ташкил этди. Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперация чуқурлашиб бормоқда. Биргаликда «Шовот-Тошовуз» чегараолди савдо зонаси ташкил этилмоқда, фаол ҳудудлараро алоқалар ва гуманитар алмашинувлар давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг анъанавий маслаҳат учрашувини доимий ўтказиб бориш таклифини 2017 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясидаги маърузасида илгари сурган эди. Биринчи саммит 2018 йил март ойида Қозоғистон пойтахти Нур-Султонда ўтказилган.