АҚШ Давлат департаменти сайёҳлик ва бизнес визаларига мурожаат қилувчи айрим мамлакатлар фуқароларидан катта миқдордаги гаров пули ундириш тартибини жорий этиш бўйича қарор қабул қилиш арафасида. Reuters маълумотларига кўра, гаров миқдори 5 минг, 10 минг ёки 15 минг доллар бўлиши мумкин.
Янги талаб 20 августдан бошлаб 12 ойлик синов дастури доирасида амал қилади. Гаров пули виза шартларини бузиш ҳолатлари кўп кузатилган ва ҳужжатлар назорати етарли бўлмаган давлатлар фуқароларидан ундирилади. Маблағ, агар чет элликлар АҚШдан белгиланган муддатда чиқса, қайтариб берилади.
Давлат департаменти вакилига кўра, бу тартиб муддати ўтган визалар улуши юқори бўлган, ҳужжат текшируви суст бажариладиган ва резидентлик талабисиз инвестициялар орқали фуқаролик олиш мумкин бўлган мамлакатлар учун жорий этилади. Дастурга кирувчи давлатлар рўйхати тартиб кучга киргандан сўнг эълон қилинади.
Гаров пули талабини жорий этиш Доналд Трамп маъмуриятининг виза назоратини кучайтириш сиёсати доирасида амалга оширилмоқда. Шунингдек, жорий йил июлида АҚШ барча ноиммиграцион виза эгалари учун янги 250 долларлик «visa integrity fee» йиғимини жорий этишини маълум қилганди. Бу йиғим сайёҳлар, ишбилармонлар ва чет эллик талабалардан ундирилади.
Аввалроқ Трамп Африка, Лотин Америкаси ва Осиёдаги 19 давлат, жумладан, Афғонистон ва Туркманистон фуқароларининг АҚШга киришини чеклаш тўғрисида фармон имзолагани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Бу мамлакатлар АҚШ учун юқори хавфли деб топилган.