Бриллиантлар қийматини йўқотмоқда

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил июлида 1 каратли бриллиантлар нархи 1,4% га пасайди. Бу феврал ойидан бери биринчи марта кузатилган пасайиш бўлди.

Diamond

Бриллиант нархлари тушишда давом этмоқда. Rapaport ахборот агентлиги ҳисоблаб чиқадиган RapNet Diamond Index (RAPI) маълумотларига кўра, 1 каратли, доира шаклида ўйилган, D-H рангли ва IF–VS2 тозалик даражасидаги тошлар нархи июл ойида 1,4% га пасайди.

Бу пасайиш феврал ойидан бери биринчи марта қайд этилди. Асосий сабаблар сифатида АҚШ томонидан юкори бож тўловлари жорий қилиниши мумкинлиги, бозорда кам талабга эга тошлар миқдорининг ортиб кетиши ва ёзги мавсумий сусткашлик келтириб ўтилмоқда.

Хусусан, кичикроқ тошлар бозорида пасайиш анча кучлироқ: 0,3 каратли олмослар нархи 3,3% га, 0,5 каратлилар эса 4,7% га тушди. Энг барқарор нархлар эса 3 каратли тошларда кузатилди – бу тоифада пасайиш 0,3% ни ташкил этди.

Rapaport’га кўра, нархларнинг пасайишига АҚШ тарифлари бўйича ноаниқлик сабаб бўлган. Йирик чакана савдогарлар сотиб олиш жараёнларини кечиктирган, бу эса ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиши ортидан захира ва нархларга босим ўтказган.

Президент Доналд Трамп 30 июл куни Ҳиндистондан олиб кириладиган бриллиантларга 25%лик бож жорий қилишини эълон қилди. Бу қарордан сўнг АҚШдаги дилерлар ой охирида нархларни вақтинча оширди.