Давлат бюджети ўсди: асосий даромад манбалари қаердан келяпти?

15:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг давлат бюджети даромади ўтган йилга нисбатан 19 фоиздан кўпроққа ўсди. Ўсиш асосан тўғридан тўғри ва билвосита солиқлардан, шунингдек табиий ресурслар ва мулк солиқларидан олинадиган маблағлар билан боғлиқ.

Budget osdi

Иқтисод ва молия вазирлиги маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг давлат бюджети жами даромади 144,2 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,2 трлн сўмга ошган.

Budget uz 01
Манба: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

 

Даромадлар таҳлили

Бевосита солиқлар 2025 йилнинг биринчи ярмида давлат бюджетининг энг йирик даромад манбаи бўлди. Шахсий даромадлар солиғи ва корпоратив солиқлардан 44 трлн сўм йиғилди. Ўтган йилнинг шу даврида 40,2 трлн сўм бевосита солиқлар ундирилган эди.

Билвосита солиқлар давлат бюджетининг иккинчи энг катта даромад манбаи бўлиб, 2025 йилнинг биринчи ярмида жами 51,3 трлн сўмни ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан 11 трлн сўмдан кўпроқ қайд қилинган. Билвосита солиқлар таркиби қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Қўшилган қиймат солиғи билвосита солиқларнинг асосий қисмини ташкил этади. 2025 йилнинг биринчи ярмида ҚҚСдан олинадиган маблағ 35,9 трлн сўмни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг шу даврида 26,7 трлн сўм бўлган.
  2. Аксиз солиқлари давлат бюджети қўшимча даромадлар келтиради. 2025 йилнинг биринчи ярмида аксиз солиқларидан 10 трлн сўм йиғилди. Бу солиқ турининг асосий манбаи — энергетика маҳсулотлари, алкогол ва тамаки маҳсулотлари, автомобил кабилар бўлган.
  3. Божхона божидан эса шу йили 5,4 трлн сўм тушум бўлди. 2024 йилнинг шу даврида божхонадан 4,7 трлн сўм даромад келган.

Табиий ресурслардан олинадиган солиқлар 19,7 трлн сўмни ташкил этди. Унинг асосий таркиби сув ресурслари, ер қаъридан фойдаланганлик, мол-мулк ва ер солиғи бўлган. Улар орасида энг кўп ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўланган, яъни 10,3 трлн сўмни қайд қилинди.

Бошқа даромадлар эса 29,3 трлн сўм бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,3 трлн сўм ортган.

Умуман олганда, 2025 йили июл ойининг дастлабки 21 кунида давлат бюджети даромадлари йил давомида биринчи марта ижобий томонга ўзгарган. Харажатлар ошганига қарамай, даромадлар ўтган ойларга кўра тезроқ ўсган.

«Нима бўлгандаям, бюджет барқарорлашаётгани бюджетни кемирадиган бюрократик авантюраларни бошлаш учун баҳона бўлиб қолмаслиги керак. Ошаётган даромадлар энг аввало инсон сифатини белгилайдиган ижтимоий ҳимояга, таълимга ва тиббиётга йўналтирилиши зарур», деб иқтисодчи Отабек Бакиров муносабат билдирган.

Маълумот учун, аввалги йилларда давлат бюжетининг ойлик плюсга чиқиши маълумотлар қисман очиқланган. 2023 йилда даромаднинг ижобий томонга ўзгариши умуман кузатилмаган бўлса, 2024 йилда эса фақатгина октябр ойига келибгина рўй берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон аҳолисининг умумий даромади 515,9 трлн сўм эканлиги ҳақида батафсил маълумот берган эдик.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.