Кўкдала туманида яна газ тўлдириш шохобчасида чиққан ёнғин юзасидан маълумот берилди

23:32 | 3 дақиқада ўқилади.

Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманидаги газ тўлдириш шохобчасида ёнғин келиб чиқди. Расмийларга кўра, ҳозир ёнғинни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.

Kokdala yongin

5 август куни соат 22:20 лар атрофида Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани, Кўкдала маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган газ тўлдириш шохобчасида ёнғин содир бўлди. Шохобчани қуршаб олган олов тасвирлари ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотича, ёнғин ҳақидаги хабар тушиши билан қутқарув хизматининг ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига йўл олди. Экипажлар қисқа фурсатда етиб бориб, ёнғинни ўчириш ишларини бошлади.

Вилоят ва туман ФВБ раҳбар ходимлари ҳам воқеа жойига етиб борган. Ҳозирда ёнғинни батамом бартараф этиш ва унинг тарқалишини олдини олиш бўйича ишлар давом этмоқда.

Ҳодиса сабаблари ва келтирган зарари ҳақида ҳозирча расмий маълумот берилмаган. Жабрланганлар тўғрисида ҳам маълумотлар йўқ. Мутасадди идоралар томонидан текширув ишлари олиб борилиб, қўшимча маълумотлар эълон қилинади.

Қашқадарё вилояти ФВБ аҳолини расмий маълумотлар берилишини кутган ҳолда, турли тахмин ва ёлғон маълумотларга ишонмасликка чақирди.

2025 йил 16 июл куни Кўкдала туманидаги газ тўлдириш шохобчасида  содир бўлган портлаш ва ёнғин тўрт нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган эди.