5 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ашхобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Туркманистоннинг «Ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» ордени тантанали равишда топширилди.
Маросимда Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва расмий делегация аъзолари иштирок этди. Давлат раҳбари юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, уни Ўзбекистон халқи ва Марказий Осиёдаги дўстлик ҳамкорлиги йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларнинг эътирофи сифатида қабул қилишини таъкидлади.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида стратегик шериклик юқори босқичга кўтарилган. Иқтисодий ва гуманитар соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилди, ўзаро савдо ҳажми сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, кооперация кўлами кенгайиб, минтақада ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойиллари мустаҳкамланди.
Президент минтақанинг барча давлат раҳбарларини Марказий Осиёда ҳамкорлик ва барқарорликни ривожлантиришдаги фаоллигини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, халқаро ҳамжамият бугун минтақавий шерикликнинг янги моделини барпо этишдаги ютуқларни эътироф этмоқда.
Маросим якунида Мирзиёев қардош туркман халқини БМТ конференцияси билан табриклаб, жорий йил декабр ойида Ашхободда ўтадиган Халқаро тинчлик ва ишонч йили доирасидаги глобал саммит муваффақиятли ўтишини тилади.