Маълум қилинишича, учрашувда савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Шунингдек, Гуржистон Бош вазирининг жорий йил март ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари мамнуният билан қайд этилган.
«Фаол идоралараро алоқалар давом этмоқда, ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирларининг учрашувлари ўтказилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ошмоқда», дейилади хабарда.
Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасида ўзаро товар етказиб беришни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат тармоқларида, шунингдек, логистика соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилган.